Чорвачилик қишлоқ хўжалигининг асосий тармокларидан бири бўлиб, соҳани жадал ривожлантириш халқимизни арзон ва сифатли гўшт ҳамда бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, айниқса, қишлоқ жойларида истиқомат қилаётган фуқароларнинг бандлигини ошириш ва даромадларини кўпайтиришда муҳим ўрин тутади.
Мамлакатимизда чорва озуқа базасини янада кўпайтириш, чорва молларининг наслини яхшилаш, соҳага энг илғор усулларни жорий этиш, аҳолининг ўз хонадонларида чорва молларини боқишини ташкил этиш, чорвачилик маҳсулотлари экспортини янада ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани сабаби ҳам шунда.
Президентимизнинг 2022 йил 8 февралдаги “Чорвачиликни янада ривожлантириш ва чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори чорвадорларни молиявий қўллаб-қувватлаш, озуқа базасини кўпайтириш, маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Мазкур қарорга кўра, 2022-2023 йилларда ҳар бир туманда камида 1 тадан гўшт ва сут маҳсулотларини етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналар томонидан аҳоли хонадонларига кооперация усулида чорва моллари етказиб бериш ва етиштирилган маҳсулотларни қайта ишлаш ҳамда сотиш фаолияти йўлга қўйиляптики, бу аҳолини арзон ва сифатли гўшт маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилади. Чорвачилик соҳасида амалга оширилаётган тизимли ишларга қарамай, гўшт ва сут маҳсулотлари нархи тобора юқорилаб бориши аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётган эди. Ушбу ҳужжат билан ўзлаштириладиган ва бўш турган ер майдонлари ҳисобидан аҳоли хонадонларига кооперация усулида чорва моллари етказиб беришни ва етиштирилган чорва маҳсулотларини қайта ишлашни ташкил этган гўшт ва сут маҳсулотларини етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналарга, аҳолига чорва озуқасини етказиб бериш шарти билан, чорва бош сонига мутаносиб равишда озуқа ерларининг очиқ электрон танлов асосида ижарага берилиши жуда ҳам тўғри ва оқилона қарор бўлди.
Тижорат банкларига чорвачилик соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш, шу жумладан, айланма маблағларни тўлдириш ва модернизация қилиш учун мазкур қарор қабул қилингунга қадар ажратилган кредитларнинг қайтариш муддатини ўн йилгача тадбиркорларнинг аризаларига кўра узайтирилиши эса чорвадорларни тўлқинлантириб, ҳаракатга келтиргани рост. 2022 йил 1 январдан бошлаб 2023 йил 31 декабрга қадар қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган чорвачилик хўжаликларига – ўз хўжаликларида ва аҳоли хонадонлари билан биргаликда кооперация усулида етиштирилиб, гўшт учун реализация қилинган йирик ва майда шохли қорамоллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун субсидиянинг миқдори 2 минг сўмдан 4 минг сўмга, сутнинг ҳар бир литри учун 200 сўмдан 400 сўмга оширилиши чорвадорларнинг кўнглидаги, орзусидаги гап бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Қарор билан чорвачилик хўжаликлари томонидан кредит ва лизинг шартлари асосида харид қилинган қишлоқ хўжалиги техникалари кредит ва лизинг фоизи харажатларининг 10 фоиз пунктидан ортиқ қисми Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан республика бюджети ҳисобидан қоплаб берилиши соҳа вакилларини хурсанд қилди, ғоят мамнун этди.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарорида озуқа экин ер майдонларида ёмғирлатиб ва томчилатиб суғориш технологияларини жорий этган чорвачилик хўжаликларига унинг ҳар бир гектари учун 8 миллион сўм миқдорида республика бюджети ҳисобидан белгиланган тартибда субсидия ажратилиши, гидропоника усулида чорва молларига озуқа етиштириш ускуналарини харид қилиш харажатининг 20 фоизи республика бюджети ҳисобидан қоплаб берилиши ҳам назарда тутилган, бу чорвадорлар учун фаолиятини янада кенгайтиришга берилган улкан имконият ва рағбатдир.
Депутатлик фаолиятимга қадар кўп йиллар давомида фермерлик билан шуғулланганман. Соҳанинг иссиқ совуғидан яхши хабардорман. Очиғи, бундан беш-олти йил аввал соҳага етарли даражада эътибор берилмас эди. Фермер хўжаликларида ҳам соҳага оид билим ва кўникмалар етишмаслиги туфайли экинларни жойлаштириш ва юқори ҳосил олишда имкониятлар бой бериларди. Бугун юртимизда чорвачиликни ривожлантириш, зотли чорва молларини харид қилиш, уларни кўпайтириш ва бу орқали аҳолининг арзон, сифатли гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлашга кенг йўл очилгани чорвадорларга қўл келмоқда. Айни мақсадга қаратилган муҳим қарорлар ички истеъмол бозорида гўшт, сут ва бошқа чорвачилик маҳсулотлари билан барқарор таъминлашга хизмат қилаётир.
Умуман олганда, мазкур қарор замирида инсон манфаатлари ётибди. Хусусан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига сифатли, арзон чорвачилик маҳсулотлари етказиб бериш, халқимизнинг чорвачиликни ривожлантириш борасидаги тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдек эзгу мақсадлар мужассам. Демак, қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, унинг мазмун-моҳиятини аҳоли орасида тарғиб қилишда барчамиз фаол ва ташаббускор бўлишимиз лозим.
Одинахон Отахонова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси,
ЎзА