Айни пайтда Хитой Халқ Республикасида бўлиб турган Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов бошчилигидаги делегация аъзолари хитойлик сармоядорлар билан қўшма лойиҳалар устида музокара олиб боришмоқда.
Мулоқотнинг дастлабки босқичида Андижон вилоятида “Kaifeng Shengmeishun Leather Products” корхонасининг тери ва чорва ҳайвонларининг ички аъзоларини қайта ишлаш фаолиятини амалга оширишга қаратилган йирик лойиҳаси маъқулланди.
Бундан ташқари, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик соҳаларида тажриба алмашиш, илмий-тадқиқот йўналишларида ҳамкорлик қилиш, ўзбекистонлик мутахассисларни Хитойда қисқа ва ўрта муддатли курсларда малакасини оширишга келишилди.
Сафар давомида Ҳенан провинцияси Кайфенг шаҳри Коммунистик партияси котиби Ву Ҳай Ян билан ҳам учрашув бўлиб ўтди.
Унда икки мамлакат ўртасида ветеринария назорати остидаги товарлар экспорт-импортида тадбиркорларга қулай имкониятлар яратиш, Кайфенг шаҳри Инновация маркази ва Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси тизимидаги илмий-тадқиқот институтлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
ЎзА