Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чорвачилик соҳасида 5 мингдан ортиқ доимий ва мавсумий янги иш ўрни яратилди
15:52 / 2025-07-18

Пойтахтимизда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан “Чорвачилик ва унинг тармоқларини янада ривожлантириш, соҳадаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими” мавзуида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Тадбир давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш ва соҳадаги тизимли муаммоларни аниқлаш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилган.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда кейинги йилларда чорвачилик ва ветеринария соҳаларини ривожлантиришга оид Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та фармони, 33 та қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 50 та қарори қабул қилиниб, уларда соҳани ривожлантириш бўйича аниқ мақсадлар ва устувор вазифалар белгилан эди.

Жумладан, мазкур қарорларда чорвачилик тармоқларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, наслчилик ишларини ташкил этиш, чорва моллари, қўй ва эчкиларнинг зотларини яхшилаш орқали подада наслли моллар улушини ошириш, шуниндек, чорвачилик маҳсулотларини барқарор ишлаб чиқаришни таъминлаш бўйича аниқ топшириқлар белгиланди.

Жорий йилнинг 30 январь куни Президентимизнинг “Яйловларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш ҳамда ветеринария ва чорвачилик соҳаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Мазкур фармон билан Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси фаолияти тугатилиб, унинг 15,8 миллион гектар яйлов ер майдонлари, Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти ҳамда Бухоро чўл-яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш маркази Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига ўтказилди.

Яна бир муҳим масала шуки, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 23 июндаги “Мамлакатимизда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан қишлоқ хўжалиги корхоналарига, шу жумладан, фермер ва деҳқон хўжаликларига чорвачилик соҳасига озуқабоп экинларни етиштириш учун олти ой муддатда қайтариш шарти билан ҳар бир гектарига 15 миллион сўмгача Марказий банкнинг асосий ставкасидан юқори бўлмаган ставкада (шундан 2 фоизи банк маржаси) имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши белгилаб қўйилди.

Статистик рақамларга қарайдиган бўлсак, бугунги кунда республика бўйича жами 19 минг 158 та чорвачилик субъектлари фаолият олиб бормоқда.

Республикада чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича биргина 2025 йилнинг ўтган даврида бир қатор ишлар амалга оширилди. 

Жумладан, чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш учун умумий қиймати 2,5 триллион сўмлик 578 та лойиҳа амалга оширилиб, 5 минг нафардан ортиқ доимий ва мавсумий янги иш ўринлари яратилди.

Лойиҳалар доирасида четдан 112 минг бош қорамол, 62 минг бош қўй ва эчкилар ҳамда 1 миллион 600 минг бош наслли жўжалар олиб келинди.
Республикамизнинг 6 та чорвачиликка ихтисослашган туманларида қиймати 90 миллиард сўмлик 6 та йирик чорвачилик кластерлари ташкил этилиб, уларнинг сони 27 тага етказилди.

25 та тумандаги чорвачилик хўжаликларининг қорамоллари тўлиқ идентификация қилинди ва уларнинг электрон базаси яратилди.

Наслчилик ишларини ривожлантириш мақсадида 1,4 миллион бош сигир ва таналар сунъий уруғлантирилди ва насли яхшиланган қорамоллар улуши 72 фоизга етказилди. Шунингдек, республика бўйича 280 та товар хўжаликлари наслчилик хўжалиги тоифасига ўтказилиб, уларнинг сони 2 минг 36 тага етказилди. 

Бундан ташқари, чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш учун 470,5 минг гектар озуқа майдонларининг 41,6 минг гектарига янги беда (84,2 минг гектар эски беда мавжуд), 138,2 минг гектарига силос ва 41,6 минг гектарига дон учун маккажўхори, 21,7 минг гектарига оқ жўхори, 7 минг гектарига хашаки лавлаги ҳамда 136,2 минг гектарига озуқа учун дон ҳамда 92,5 минг гектар кузги оралиқ озуқа экинлари экилди. 

Гулноза Бобоева,

ЎзА