Чорвачилик соҳасида истиқболли лойиҳалар
Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманига 2 миллиард 500 миллион сўмлик кредит маблағи ҳисобига Германия давлатидан наслли қорамоллар олиб келинди.
Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманига 2 миллиард 500 миллион сўмлик кредит маблағи ҳисобига Германия давлатидан наслли қорамоллар олиб келинди.
Юртимизда соҳани ривожлантириш, зотли чорва молларини харид қилиш, уларни кўпайтириш ва бу орқали аҳолининг арзон, сифатли гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлашга кенг йўл очилгани чорвадорларга қўл келмоқда.
Элликқалъа туманида Инвестиция дастури доирасида чорвачилик тармоғини равнақ топтиришга қаратилган кўплаб истиқболли лойиҳалар асосида қатор чорвачилик комплекслари барпо этилмоқда. Бу лойиҳалар халқимизни арзон, сифатли гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш билан бирга, аҳолини, айниқса, қишлоқ жойларида истиқомат қилаётган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда даромадларини кўпайтиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир. Шунинг учун ҳам туманда чорвачиликни янада ривожлантириш, чорва моллари наслини яхшилаш, гўшт ва сут ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, тумандаги “Қирққизобод” овул фуқаролар йиғини худудидаги “Чайка азамати” чорвачилик йўналишидаги фермер хўжалигига “Халқ банки”нинг 2 миллиард 500 миллион сўм кредити ҳисобига Германия давлатидан 92 бош “Симментал” зотли наслли қорамол келтирилди. Аҳамиятлиси, келгусида улардан наслли чорва моллари олиш орқали зотли қорамоллар сонини кўпайтириб, янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган.
Туманда соҳада яратилган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда чорванинг сонини ошириш, маҳсулдорлик сифатини яхшилаш, наслчилик ресурсларини яратиш ва сақлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан кўзланган мақсад, туман аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш билан чекланиб қолмасдан, етиштирилган чорвачилик маҳсулотлари экспортини янада оширишдан иборат.