Чорвачилик рўзғорга барака олиб киради
Бухоро вилояти Олот туманида чорвачиликни ривожлантириш, чорва моллари бош сонини кўпайтириш ҳисобига маҳсулдорлигини ошириш, халқимиз дастурхонига сифатли ва арзон чорва маҳсулотларини етказиш каби муҳим вазифаларга алоҳида эътибор қаратилган.
Пичоқчи маҳалласида яшовчи Носир Бобораҳимов чорвачиликни пухта ўзлаштирган. Ҳозирда хонадонда 35 бошдан зиёд қорамол боқилмоқда.


– Чорва боқишнинг қийинчилиги йўқ, фақатгина озуқасини яратса бўлди. Четдан қараганда машаққатли туйилади, лекин, дастурхонга сут, қатиқ маҳсулотларини етиштириш ўз ўзидан бўлмайди. Ҳозирда 35 бош қорамол бор. Шулардан уч бош сигирдан кунига ўртача 10-15 литргача сут оламиз. Тажрибалардан келиб чиқиб наслдор молларни кўпайтириш режасини ҳам тузганмиз. Чорвачилик даромад манбаи, қолаверса, фаровонлик гаровидир. Шу боис ҳам ушбу йўналишда кўплаб хонадонлар қатори биз ҳам барака топиб ўз орзу-ҳавасларга эришмоқдамиз, – дейди Носир Бобораҳимов.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири