Чорва маҳсулдорлигини таъминлаш учун зарур бўладиган емлар қиммат, жониворларни боқиш қийинлашиб кетяпти, гўштнинг нархини ошириш керак, деган гап- сўзларни ижтимоий тармоқларда баъзан бўлсада учратяпмиз.
Бу гапда нечоғлик асос бор? Очиғи, бундан йигирма йиллар аввал чорвачилик билан эндигина шуғуллана бошлаганимда мен ҳам омихта емнинг қимматлигини турли жойларда айтганман. Ўша пайтлар ҳозиргидек ҳукумат томонидан чорвадорларга субсидия бериш, уларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш деган гаплар йўқ эди. Қолаверса биз, фермерлик қилаётган ҳудуд Ўзбекистоннинг аҳоли жуда тиғиз яшайдиган, ҳар қарич ери ҳисобли, эгали бўлган Шаҳрихон туманида жойлашган эди. Озуқа етиштириш учун ер беринг дея мурожаат қилсангиз тегишли идоралар ер дегани резинка бўлса екан чўзсанг, бир томонда ғалла, бир томонда пахта бор, ўйлаб гапиряпсизми дерди. Ана шундай мураккаб шароитда ҳам орқага чекинганимиз йўқ. Дастлаб молимиз 30 бош эди, сўнг йиллар ўтиб чорва бош сонини икки минг бошга етказдик. Барчаси наслли, маҳсулдор. Шу йиллар орасида ҳамқишлоқларни, хўжаликда ишлаётган одамларни тежамкорликка, озуқа ерларидан самарали фойдаланишга, томорқадан йилига уч-тўрт карра ҳосил олишга ўргандик. Ахир бундай дала дунёнинг ҳеч жойида йўқ.
Ем қиммат, негаки уни ишлаб чиқарган фойда кўраман, деб сотиб олган дўкончию ўртакаш ҳам бекорга шу маҳсулотнинг савдоси билан шуғулланмайди. Ҳамманинг хаёлида бир сўмни ўн карра кўпайтирсам деган хаёл. Бу ҳаёт қонуни. Айниқса, савдогар бўлса, чорвадорнинг дардию бозорда гўшт ва сут қимматлаб кетиши, бундан миллионлаб одамлар катта зарар кўриши билан унинг неча пуллик иши бор?.. Демак емни арзону сифатли қиладиган бошқа йўлни излаш керак. Ҳамма гап ана шунда. Қолаверса, гўшту сут берадиган жонивор темир эмас, бирор жойга қўйсанг, ҳеч нарса сўрамайдиган. Чорва дегани ҳар куни ҳар соат озуқаю сув талаб этади, уни касалликдан асраш, боқиш ҳам бир олам қунт, ҳафсала талаб этадиган иш. Очиғи бозордаги нарх-наво, талаб ва таклиф бизни ўйлашга, мулоҳаза юритишга ундади, ҳар қарич ердан самарали фойдаланишга, баҳору ёзни қўйинг, қишда ҳам ерни бўш қўймаслик йўлини изладик. Протеинга бой донли экинлар уруғини такрорий ва оралиқ экин сифатида фойдаланишга ўтдик. Натижа тезда кўзга ташланди.
Айни чоғда ҳам депутат сифатида халқ билан мулоқот қилганда, ташаббускор одамлар билан суҳбатлашганда тежамкорлик ҳақида сўрайман. Қандай қилиб емни, озуқани арзонлаштириш, таннархни камайтириш мумкинлиги ҳақида фикр юритаман. Кўпчилик фермерлар давлат томонидан берилаётган субсидияларнинг аҳамияти катта бўлаётганини, гўшт ва сут нархини арзонлаштиришга имкон яратаётганини айтишади. Мен бу субсидиялар миқдори ҳақида гапириб ўтирмай. Бу аниқ рақамлар. Мабодо зарур бўлса, интернетни ёқинг, субсидия деб ёзинг, бир талай рақамлар чиқади. Қойил, дейсиз беихтиёр. Аслида чорвага яқин турган ё ўзи ферма ташкил этиб қорамолу қўй-қўзи боқишга киришган киши қимматликдан сўз очмайди, яратганга шукр дейди. Чунки сўзимнинг аввалида айтганимдек депутат бўлгунимча ўзим ҳам чорвадор фермер эдим. Мол боқишнинг машаққатию ташвишларини яхши биламан. Аслида чорва барака, ундан олинадиган ҳар бир сўм она сутидек ҳалол, меҳнат туфайли, баъзан тунни кунга, кунни тунга улайсиз, ҳаловатдан кечасиз. Давлат томонидан берилаётган ҳар қандай кўмак, айниқса, субсидиялар чорвадор учун шу қадар ёқимли бўладики, буни таърифлашга тил ожиз. Айни чоғда ҳам икки минг бошдан ортиқ зотдор қорамоллар боқилаётган ва айни чоғда опам бошқариб келаётган наслчилик хўжалигидан узоқ эмасман, фермадаги ҳар бир ҳолат, ютуқ ва муаммолар кўз ўнгимда туради. Чунки ўзим чорвадор сифатида 30 бош мол билан иш бошлагандим, машаққатли меҳнат туфайли катта ферма бунёд этилди, чорва кўпайди. Ферма худди фарзандимдек юрагимга яқин. Ишлаб чиқарилаётган сут ва гўшт маҳсулотлари турли идораларга, кам таъминланган оилалардан тортиб болалар боғчаларига қадар етиб бораётганидан эса чин дилдан қувонаман, бунинг савоби ҳам беқиёс.
Бозорни арзон қилишга, мўл- кўлликка эришишга интернетга чиқиб олиб турлича бўлар бўлмас гапларни айтаётган, чорва боқмай туриб соҳанинг муаммоларидан сўзлаётган кишиларнинг ўзи халақит бермоқда. Шу жумладан, ҳовлисида қорамолу қўй-қўзи, паррандаю қуён боқишга имкону бору, лекин бу ишни қилмаётган барчаю барча. Улар гўштни ҳам сутни ҳам, ердан чиқадиган бошқа маҳсулотларни ҳам бозордан сотиб олади, бошқа қаердан олсин. Бозорни тўлдириш эса давлат зиммасида, деб ўйлайди. Шу тариқа оддий талабга кўра нарх бирмунча ошмоқда. Аслида шунинг учун ҳам омихта емнинг қимматлиги билинмасин, бозорда гўшт ва сут маҳсулотлари одамларни чўнтаги кўтара олмай қоладиган даражада қимматлаб кетмасин деган мақсадда субсидияларни жорий этди. Буни асло назардан қочирмаслик керак. Емни арзон тайёрлаш, гидропоника усулида ишлашга ўтиш, ем ишлаб чиқаришни ҳар бир хўжаликнинг ўзида ташкил этиш, озуқа ерларидан янада самарали, илмий асосларда фойдаланиш, буларнинг бари ўзимизга боғлиқ. Халқда қўлдан берганга қуш тўймайди деган гап бор. Бу юз-икки юз бош молни аҳён-аҳёнда имтиёз билан оладиган ем билан боқиб бўлмайди дегани.
Эсга олинг, бундан 12-13 йил илгари ҳар бир маҳаллада омихта ем шохобчалари ташкил этилган, ўша жойларда арзонлаштирилган омихта емлар хонадонбай қилиб рўйхат билан сотилган эди. Шу саъй- ҳаракатлар, емни арзонлаштириш шарофатини роса мақтадик, зўр бўлди, энди қишлоқлар чорвага тўлиб ошади дедик, аммо ундай бўлмади томорқалар қўй-қўзию сигир-бузоққа, товуқ-хўрозга тўлиб тошмади, чорва кўпайиб кетмади, қишлоқда уч-тўрт киши ишли, яна кимдир осмондан тушган даромадга эга бўлди холос. Айни чоғда эса давлат субсидиялар жорий этиш орқали одамларни, тадбиркору чорвадорларни кўпроқ ва сифатли чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга рағбатлантирмоқда. Ана шу ҳолатни теран англамоқ керак. Аслида эса бугун чорвадорлик бойлик белгиси, фахрли касб эгасига айланиб улгурди. Чорвадору фермерлик қилиш учун йўл очиқ,ақлни ишлатинг, бой бўлинг деган гапни давлат раҳбарининг ўзи бот-бот таъкидламоқда, четдан қорамол келтириш, қўй ва эчки, паррандачилик йўналишида наслчиликни йўлга қўйиш рағбатлантирилмоқда. Ва яна давлат чорва ҳайвонларида учрайдиган энг хавфли касалликлар: куйдирги, брутселёз, нодуляр дерматит, чечак сингари офатларга қарши эмламаларни хориждан валютага келтириб чорвадорга текин беряпти.
Ветеринария хизмати чорвадорнинг туну-кун хизматида. Бундай беминнат хизмату имтиёзлар дунёнинг бирор мамлакатида борми? Йўқ. Эътибор беринг, ҳатто, чорвачилик ривож топган Европа мамлакатларида ҳам (жониворларда) бирор касалликка қарши эмлаш деган гап йўқ, касаллик пайдо бўлдими, бас, ўша хавфли ҳудуддаги барча ҳайвонлар куйдириб йўқ қилинади, бизда эса давлат чорвадор манфаатини кўзлаган ҳолда эмлаш тизимини узлуксиз ташкил этмоқда. Бунинг қадрига етиш керак.
Бугун сигир ва ғунажинларни сунъий уруғлантириш, шу орқали соғлом, зотдор бузоқлар подасини яратиш, наслчиликни узлуксиз яхшилаб бориш ўз самарасини бермоқда. Олимларнинг бу борадаги ишланишлари, жўяли тавсияларига таянган чорвадор борки кутилган натижага эришмоқда. Чорвачилик соҳасининг иссиқ-совуғини биладиган инсон сифатида таъкидлашим лозимки, ўзгаришлар катта. Биргина сунъий уруғлантиришнинг хосиятини айтиб ўтай: бир бош зотдор ҳўкизнинг уруғини олиш, уни сифатли қадоқлаб, чуқур музлатилган ҳолда қўллаш бир эмас, минглаб жониворларни уруғлантириш имконини яратади. Шу тариқа бир бош ҳўкиздан бутун бошли пода яратилади. Шу тизим орқали аҳоли ихтиёридаги чорвани ҳам кўпайтиришга эришмоқда. Шу саъй-ҳаракатлар туфайли аҳоли хонадонларида бурунгидек 8-10 килолик инжиқ бузоқлар эмас, балки 35-40 килограмм келадиган соғлом, зотдор бузоқлар туғилмоқда. Бу жониворлар жайдари молга нисбатан тез ўсади, улғайгач, урғочи бўлсаю сигирга айланса, кунига озиқлантиришга қараб 40-50 литргача сут беради. Бу қишлоқ аҳолиси учун катта бойлик демакдир.
Президентимиз топшириғига кўра, кооперация асосида аҳолига чорва ҳайвонларини бериш, шу асосда одамларни даромадли иш билан таъминлашга жиддий киришилмоқда. Республикамиз бўйича турли сабабларга кўра, ишлаб чиқаришдан чиқиб кетган 300 минг гектардан ортиқ ерларнинг қишлоқ хўжалиги экинзори сифатида ўзлаштирилаётгани, жойларда томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш технологияларининг жорий этилаётгани хайрли ишлардир. Буларнинг барчаси энг аввало аҳолининг кам даромадли қисмини қўллаб-қувватлашга, чорвачилик тизимида озуқа мўл- кўпчилигини таъминлашга хизмат қилади.
Яна бир эътиборли жиҳат шундаки, бу йил давлат раҳбарининг топшириқларига кўра ҳар бир туманда камида 600 гектар ерда соя етиштиришга киришилди. Бу юқори сифатли ўсимлик ёғи тайёрлаш билан бирга чорва озуқасини кўпайтириш, энг муҳими арзонлаштиришга хизмат қилади. Соҳада гидропоника асосида озуқани арзонлаштириш, илмий тавсияларга таянган ҳолда инновацион тамойилларни қўллашга жиддий киришилмоқда. Мақсад чорва маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш орқали худди ривожланган давлатлардаги каби қўшимча қиймат занжирини яратишдан иборат. Бу ўз –ўзидан чорвачилик маҳсулотлари мўл- кўллиги, арзонлигини таъмин этади. Сизу биз эса ана шу хайрли ишларда томошабин эмас, бир жонкуяр, элпарвар инсон сифатида фаол иштирокчи, демакки яратувчи бўлишимиз, жуда бўлмаганда оиламизни тўйимли озиқ-овқат билан таъминлашга киришмоғимиз зарур. Қолаверса, бу оила иқтисодини янада мустаҳкамлаш, фарзандларимизни меҳнаткаш бўлиб вояга етишида муҳим аҳамият касб этади.
Одина Отахонова,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси