Давлатимиз раҳбарининг “Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов бошчилигидаги ветеринария ва чорвачилик соҳасининг мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ Қорақалпоғистонда бўлиб турибди.
Ишчи гуруҳ томонидан Қорақалпоғистонда яқинда иш бошлаган маҳалла ишлари бўйича ҳоким ёрдамчилари билан ҳамкорликда туманлардаги маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларини “хонадонбай” ўрганилиб, ҳар бир маҳалла ва овулни иқлим-шароитидан келиб чиқиб, қорамолчилик, қўй-эчкичилик, асаларичилик, хонаки паррандачлилк ҳамда интенсив балиқчиликка ихтисослаштириш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.
Бугунги кунда Қорақалпоғистонда 424 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, шундан 198 та маҳалла фуқаролар йиғини чорвачиликка ихтисослашган.
Ишчи гуруҳи томонидан 1 минг 760 та хонадонга 8 минг 700 дона асалари уялари, 1 минг 150 та хонадонга 23 минг бош қуён, 4 минг 200 та хонадонга 21 минг бош қўй-эчки, 4 минг хонадонга 400 минг бош парранда тарқатиш ҳамда ушбу маҳаллаларни чорвачилик ва унинг тармоқларига ихтисослашган кооперацияларга бириктириш бўйича ташкилий ишлар олиб борилмоқда.
Икром Аввалбоев, ЎзА