Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чорвачилик– етти хазинанинг бири
17:51 / 2024-06-14

Юртимизда чорвачиликни янада ривожлантириш, жумладан, соҳада наслдорлик ва маҳсулдорлик кўрсаткичларини яхшилаш, селекция-наслчилик ишларини тўғри йўлга қўйиш, наслли майда ва йирик шохли молларни тўғри парваришлаш, уларнинг насл софлигини сақлаб қолиш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Навоий вилояти Ғозғон шаҳридаги “Аббос Элёр Муҳриддин” МЧЖ 2020 йилда ташкил этилган бўлиб, 2000 гектарга яқин яйлов майдони мавжуд. 5 кишининг бандлиги таъминланган МЧЖ чорвачилик йўналишида фаолият олиб боради. 

– Бугунги кунда жамиятимизда 1000 та қўй, 20 та от, 40 та сигир, 5 та туя парваришланмоқда, – дейди жамият раҳбари Аббос Аминов. – Ҳар йили 2 тоннадан зиёд гўшт, 2 тоннадан зиёд жун сотамиз. Отларимиз қорабайир зотидан. Улоқ- кўпкари мусобақаларида фаол иштирок этамиз 2021 йилда чавандозимиз Бухорода бўлиб ўтган “Ҳосил байрами”да Президент совғаси – “Спарк” автомашинасини қўлга киритган эди. Чавандозларимиз бошқа кўпкари мусобақаларида ҳам турли хил совринларга эга чиқишади. 

[gallery-17849]

Тўғри, кимдир чўпонлик осон касб, қўйларнинг орқасидан юриб, хабар олиб турилса бас, деб ўйлайди. Аслида бу касбнинг ўз қийинчиликлари бор. Ёзнинг жазирамаси-ю, қишнинг қаҳратонида қўйларни парваришлашнинг ўзи бўлмайди. Уларнинг суви ва озуқасидан ўз вақтида хабар олиб турилмаса, кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. 

Фарҳод Каримов мана беш йилдирки, бош чўпонлик қилиб келади. Унга бу касб аждодлардан ўтиб келмоқда. 

– Чўпонлик касби бизга бобомерос иш. Мен тўртинчи авлодман, – дейди Ф. Каримов. – Отаримизда 1000 та майда шохли мол бўлиб, унинг 700 боши она совлиқ. Қишловга кўнгилдагидек тайёргарлик кўрганимиз боис, қишловдан яхши чиқдик. Жорий йил тул мавсумини ҳам намунали якунладик. Қўйларимиз сони йил сайин кўпаймоқда. Бу йил баҳор мавсуми ҳар йилгидан-да серёғин келди. Яйловимизда ўт-ўланлар кўп. Бу эса чорва молларимиз учун айни муддао. Яйловда ўт-ўлан кўп бўлса, чўпоннинг “омади келгани шу”. 

Албатта, чорвадорларимизнинг аҳоли ва бозорларимизни гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлашда алоҳида ўрни бор. Улар томонидан етиштирилаётган маҳсулотлар қанчалик кўп бўлса, нарх-наво арзонлашади ва дастурхонларимиз тўкинлиги ортаверади. 

А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари