Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чорва қишлови учун етарлича озуқа жамғарилган
13:17 / 2021-08-10

Бу йилги қурғоқчилик қишлоқ хўжалигининг барча соҳалари, жумладан чорвачилик тармоқларига ҳам жиддий таъсир этаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Бу эса, нафақат мутасадди раҳбарлар, балки уста чорвадорлар, олим ва мутахассислар зиммасига катта масъулият юклади. Жойларда чорвачилик хўжаликлари учун ажратилган ер майдонларидан самарали фойдаланиш, кам сув талаб этиладиган озуқабоп ҳашак турларини кўпайтириш, озуқа жамғариш ишларини ўз вақтида амалга оширишни талаб этади. 

Бу йил чорвачилик субъектларига озуқабоп экинлар экиш учун 339,7 минг гектар ажратилган асосий ер майдонлардан 37 минг гектарига янги беда (100 минг гектар эски беда мавжуд эди), 158,5минг гектарига маккажўхори силос учун, 31,8 минг гектарига оқ жўхори, 13,8минг гектарига ҳашаки лавлаги экинлари экилди.

Шунингдек, бугунги кун ҳолатига кўра, ғалладан бўшаган 176,4 минг гектар ер майдонларига такрорий озуқабоп экинлар экилди. Олдинги даврларда чорвачилик озуқа базасини мустаҳкамлаш учун ажратиладиган ер майдонларига пахта-ғалла экилган. 

Эндиликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-4254-сон қарорига асосан чорвачилик субъектларига ажратилган ер майдонларида фақатгина озуқабоп экинлар экилиши қатъий белгилаб қўйилди. 

Бундан ташқари, Қашқадарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида яйловлар ва фойдаланишдан чиққан захирадаги ерларда сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳисобига 2 минг 166 гектар озуқа-ем ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш чоралари кўрилмоқда.

Чорва қишловини беталофат ўтказиш мақсадида барча тоифа хўжаликлари томонидан 18,4 млн. тонна (2017 йилда 9 млн тонна) дағал хашак жамғарилди. Илгари озуқа етиштиришда интенсив технологияларни қўллаб, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияларни жорий қилган, лалми ва яйлов ерларни ўзлаштирган тадбиркорлик субъектларига давлат томонидан имтиёзлар яратилмаган.

Бугунги кунда “Лалми ва яйлов ер участкаларида томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш мақсадида 68 та туманда суғориш тик қудуғини бурғулаш истагини билдирган озуқабоп экинлар етиштирувчи 314 нафар ташаббускор томонидан 2 минг 40 та тик қудуқ қазиш ва бунинг натижасида 38 минг гектар ер участкаларини ўзлаштириш ишлари бошланган. Бу технологияни ўрнатган ҳар бир чорвачилик субъектига эндиликда субсидия ажратилиши белгилаб берилган. Ваҳоланки, 2016-2017 йилларда бу имтиёз мавжуд бўлмаган.

Чорва озуқа базаси учун омухта ем ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш бўйича ҳозирги кунда амалда 29 та лойиҳа ишга туширилиши белгиланган. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун 19 гектар майдонга қурилиш ишлари ва 1503 гектар майдонга донли озуқа экиш учун ер майдони ажратилди. Йил якунига қадар 100 минг тонна қувватдаги 29 та корхона ишга туширилади.

Халқаро тажрибага таянган ҳолда, озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида маккажўхорининг юқори ҳосилдор уруғлари Франция, Туркия, Сербия, Россия, Украина, Хитой ва бошқа хорижий давлатлардан келтирилиб, фермерларга етказиб берилмоқда. Маккажўхорининг чет давлатлардан олиб келинган “АК-2580”, “АК-2550”, “PIONEER”, “PL-700”, “PL-630”, “PL-618”, “PL 538”, “HUNTER”, “RANGER”ва “TORRO” дурагайларининг 1 гектар майдонидан 70 тоннагача ҳосил олинмоқда. Ваҳоланки, 2016-2019 йилларда 1 гектардан 35-40 тоннани ташкил этган.

Бугунги кунда, Туркиянинг “AKDENIZ TOHUM” ва “POLEN” уруғчилик ширкатлари, Франциянинг “MAISADOR” компаниясининг "AGROHOUSE" МЧЖлари билан маккажўхорининг гибрид уруғликларини Ўзбекистонда етиштиришни жорий этиш бўйича ишлар ташкил этилди.

Оралиқ экин сифатида тритикаленинг “Кумушсимон праг” нави, сулининг “Ўзбекистон кенг баргли” нави, беданинг Германия давлатидан олиб келинган “GEA” гибрид уруғликлари ва мамлакатимизда етиштирилган “Оқ қашқарбеда” навини экиш жорий этилди.

Ширали озуқа сифатида ҳашаки лавлагининг юқори ҳосилли “Ўзбекистон ним қанд”, “Эккендорф сариқ” ва “Ўзбекистон 83” каби навлари экилмоқда.

Шунингдек, самарали ва кам харажатли озуқа етиштириш бўйича жорий йилнинг ўзида 265 та чорвачилик субъектида гидропоника технологияси ташкил этилди. 2026 йилда 6 500 та хўжаликда гидропоника усулида кўк масса етиштириш ташкил этилиши режалаштирилган.

 

Бахтиёр АТАМУРОДОВ,

“Ўзбекчорванасл” агентлиги 

бош директори.