Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги “Мegacluster” МЧЖ томонидан чорва моллари учун янгича усулда гранула кўринишидаги омихта ем ишлаб чиқарилмоқда. Унинг таркиби дағал хашак, беда, янтоқ, кунжара, уч хил турдаги дон маҳсулотлари, чигит шроти ва бошқа қўшимчалардан иборат.
Корхонада донни намлатиб, гидропоника усулида кўк озуқа етиштириш учун алоҳида бино ажратилган. Гидропоника асосида чорва моллари учун кўк масса ишлаб чиқаришнинг афзаллик жиҳатлари кўп. Аввало бунда кўп миқдордаги меҳнат ва моддий ресурслар тежалади. Илгари чорва озуқаси етиштириш билан банд бўлган майдонларга бошқа қишлоқ хўжалик экинларини экиш имконияти юзага келади. Қолаверса, гидропоника усулидаги технология ички бозорда чорва озуқасининг таннархини арзонлаштиради.

Интенсив гидропоника усулида озуқа маҳсулотлари етиштиришда 1 килограмм буғдойдан 7 килограмм “яшил озуқа” етиштириб берилмоқда. Бунда махсус жиҳозлаган хоналарда буғдой ўстирилади. 7 кун давомида томирдан сув берган ҳолда парваришланади ҳамда тайёр маҳсулот белгиланган маъёрлар асосида чорва молларига берилади. Бу самарали усул республикада биринчилар қаторида Қоровулбозор туманидаги “Buxoro Agroklaster Chorva” МЧЖ да муваффақиятли тажрибадан ўтган. Қиймати 672 миллион сўмга тенг бўлган ушбу лойиҳа “Аgrikom” компанияси томонидан ишлаб чиқилган технология билан жиҳозланган.

Мазкур лойиҳанинг афзаллик томони шундаки, чорва молларининг омихта емга бўлган талабини тўлиқ қоплайди ҳамда харажатларни 3 баробарга камайишига хизмат қилади.
– Корхонада ташкил қилинган бу цех ишлаб чиқариш қувватига келсак, бу ерда бир кеча-кундузда 3 тонна атрофида юқори калорияли гранула ишлаб чиқарилмоқда, – дейди МЧЖ директори Х. Расулов. – Тўйимли ва экологик тоза бундай чорва озуқаси қорамол учун ҳам хушхўр, ҳам тез семиртириш, маҳсулдорлигини ошириш хусусиятига эга. Молбоқарлар таъбири билан айтганда, озуқа нишхўрдга чиқмайди, қорамол организмида тез ҳазм бўлади.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири