Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чорва моллари сони кўпаймоқда
13:44 / 2023-10-07

Қарор ва ижро

Юртимизда чорвачиликни янада ривожлантириш, жумладан, соҳада наслдорлик ва маҳсулдорлик кўрсаткичларини яхшилаш, селекция-наслчилик ишларини тўғри йўлга қўйиш, наслли майда ва йирик шохли молларни тўғри парваришлаш, уларнинг насл софлигини сақлаб қолиш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда Навоий вилоятида қорамоллар бош сони 513,2 минг, қўй ва эчкилар 2 миллион 495 минг бошни, йилқилар 22 минг 185 та, паррандалар эса 3 миллион 738 мингтани ташкил этади.

– Вилоятда 1401 та чорвачилик субекти мавжуд бўлиб, шундан 125 та қорамолчилик, 959 та қўйчилик, 40 та йилқичилик, 21 та туячилик, 57 та паррандачилик, 183 та балиқчилик, 10 та асаларичилик, 6 та қуёнчилик хўжаликлари фаолият юритмоқда, – дейди Ветеринария ва чорвачилик бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Полат Дуйсенов. – Вилоятда чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш учун умумий қиймати 275,3 миллиард сўмлик бўлган 96 та лойиҳа тасдиқланган бўлиб, бугунги кунга қадар 68 та лойиҳа ишга туширилган Шундан, қорамолчилик йўналишида 19,3 миллиард сўмлик 10 та, қўйчилик йўналишида 17,1 миллиард сўмлик 28 та, паррандачилик йўналишида 18,7 миллиард сўмлик 7 та, балиқчиликда 7,8 миллиард сўмлик 4 та, йилқичиликда 8,6 миллиард сўмлик 11 та, туячилик йўналишида 7,2 миллиард сўмлик 8 та лойиҳа ишга туширилиб, бунинг натижасида 189 та иш ўрни яратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 февралдаги “2023-2024 йилларда Навоий вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳолини турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори доирасида 2023-2024 йилларда вилоятга 200 минг бош қўй ва эчкиларни олиб келиб тарқатиш белгиланган.

– Белгилаб берилган топшириқ ижросини самарали таъминлаш мақсадида вилоятдаги бир қатор лойиҳа ташаббускорлари томонидан Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия давлатларидан чорва молларини сотиб олиш бўйича етказиб берувчи хўжаликлар билан шартномалар имзоланиб, чорва молларини импорт қилишга рухсатномалар белгиланган тартибда расмийлаштирилган, – дейди Полат Дуйсенов. – Бугунги кунга қадар 9 минг 925 бош майда шохли моллар олиб келинди. Четдан олиб келинган майда шохли молларга ҳудудий ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимлари томонидан ветеринария хизмати кўрсатиб келинмоқда.

Етти хазинанинг бири саналган чорвачилик Конимех туманида энг ривожланган тармоқлардан биридир. Туманда барча тоифадаги хўжаликларда 23 минг 312 бош йирик шохли, 555 минг 129 бош майда шохли мол, 5 минг 138 бош от ҳамда 163 минг 279 бош парранда мавжуд. 

Туманда чорвачиликни ривожлантириш дастури ишлаб чиқилган. Шу кунга қадар фермер хўжаликлари ва МЧЖлар томонидан хориждан 2400 бош наслли қўй ва 682 бош йирик шохли моллар олиб келинди. Жумладан, “Мурод Агро чорва” фермер хўжалиги томонидан 1130 бош, “Саидмурод Ата” фермер хўжалиги томонидан 550 бош, “Саржал Сарибел кластер” МЧЖ томонидан эса 205 бош наслли қўйлар келтирилиб, парвариши йўлга қўйилди.

“Саржал Сарибел кластер” МЧЖ 2020 йил 2 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида пиллачилик ва қоракўлчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига асосан ташкил этилган.

– Кластерга ижарага берилган яйлов ер майдони 373,7 минг гектарни ташкил этади, – дейди МЧЖ раҳбари Улуғбек Халилов. – Бугунги кунда кластерга жами 89 та хўжалик юритувчи субъект, жумладан, 3 та қоракўлчилик наслчилик масъулияти чекланган жамияти бириктирилган бўлиб, улар билан иккиламчи ижарага бериш шартномалари имзоланган. Кластерга бириктирилган наслчилик МЧЖ ва фермер хўжаликларида 65,9 минг бош майда шохли моллар боқилмоқда. 

Бугунги кунда кластер яйловларида чорва молларини тартибли алмашлаб боқиш ташкил этилган. Шунингдек, Бухоро чўл-яйлов озуқабоп ўсимликлари уруғчилиги илмий ишлаб чиқариш маркази томонидан 1000 гектар майдонда чўл-яйлов озуқабоп ўсимликлари экилди.

[gallery-13900]

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 февралдаги “Қоракўлчилик тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2021 йил 8 июлдаги ҳамда “Республикада мавжуд яйловлардан унумли фойдаланиш, ипак ва жунни қайта ишлашни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида кластер бўйича 11 та қудуқ янгидан қазилди.

– Йил давомида туман бўйича 554,5 тонна жун етиштирилади, – дейди “Обод Конимех Чашмалари” МЧЖ директори Нафиддин Ҳайитов. – Ўтган йили умумий қиймати 13,5 миллиард сўм бўлган (шундан ўз маблағимиз 10 миллиард сўм, банк кредити 3,5 миллиард сўм) жунни қайта ишлаш лойиҳасини амалга оширдик. Ҳозирги кунда корхонамиз 300 тонна жунни қайта ишлаб маҳсулотларимиз ички бозордан ташқари қўшни Қирғизистон ҳамда Қозоғистон давлатларга экспорт қилинмоқда.

Тери маҳсулотлари тумандаги “Қоракўл-Учтепа-сур” МЧЖда чарм ҳолатига келтирилиб, асосан водийга сотилар эди. Яқинда мазкур жамият қиймати 500 миллион сўмлик терини қайта ишлаш орқали махси ва бошқа турдаги оёқ кийимлар тикишни йўлга қўйди. Натижада йилига 1500 дона терига қайта ишлов бериш орқали етти минг дона махси ишлаб чиқарилади ва шундан икки минг донаси қўшни Қирғизистон Республикасига экспорт қилинади.

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), 
ЎзА мухбирлари