Мамлакатимизда чорва ҳайвонларини идентификация қилиш тизими жорий қилинмоқда. Шунингдек, қонунчиликда ҳайвон эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилмоқда.
Ушбу тартиблар Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида кўриб чиқилган “Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида ўз аксини топмоқда.
Йиғилишда қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳаси билан мамлакатимизда чорва ҳайвонларини идентификация қилиш бўйича ягона давлат сиёсатини юритиш, ҳайвонларда юқумли касалликларнинг олдини олиш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш масалалари назарда тутилмоқда. Шунингдек, ҳайвонларнинг ҳисобини юритиш, ҳайвонларнинг насли билан боғлиқ ва уларнинг соғлиги тўғрисидаги ягона электрон тизим яратилиши белгиланмоқда.
Ҳайвонларни идентификация қилувчи, рўйхатга олувчи ва кузатувчи мутахассисларининг, идентификация рақамини сақловчи атрибут ишлаб чиқарувчи ва ҳайвон эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам белгилаб берилмоқда.
Фракция аъзолари қайд этганидек, ҳайвонларни идентификация қилиш тизимининг жорий қилиниши орқали озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланади. Истеъмол учун чиқариладиган барча маҳсулотлар тўғрисидаги маълумотларни олиш, ҳайвон эгаларининг ҳайвонга эгалик қилиш, фойдаланиш, тасарруф қилиш ҳуқуқларини янада кафолатлашга имконият яратилади.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасидаги нормалар чорва ҳайвонларини идентификация қилиш бўйича ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, ташқи ва ички бозорларни сифатли чорва маҳсулотлари билан таъминлаш, ветеринар осойишталикни таъминлашга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА