Жорий йил Тошкент вилоятида чорвачиликни жадал ривожлантириш, замонавий ва инновацион услубларни жорий этиш, маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва турларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу орқали аҳолини маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилган сифатли ва арзон чорва маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ҳамда чорвачиликка ихтисослашган корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсад қилинган.
Таҳлилларга кўра, ўтган йили ҳудуд бўйича 70 дан ортиқ чорвачилик лойиҳалари амалга оширилди. Бунинг учун 600 миллиард сўмга яқин маблағлар сарфланди. Шу даврда 320 минг тоннадан ошиқ гўшт, 1 миллион 100 минг тоннага яқин сут, 1 миллиард 700 миллион донадан ошиқ тухум етиштирилди.
Мазкур саъй-ҳаракатларни жорий йилда ҳам белгиланган тартибда давом эттириш чоралари кўриляпти. Бунинг учун қарийб 2 триллион сўмга яқин маблағлар ҳисобига наслли қорамол, қўй-эчки хўжаликларини кўпайтириш, паррандачилик каби йўналишларда истиқболли лойиҳалар амалга оширилади. Бунинг натижасида тадбиркорларга турли солиқлардан имтиёзлар берилади.


Хусусан, Ўрта Чирчиқ туманида ҳам бу борада тизимли ишлар йўлга қўйилган. Бу ҳудуднинг асосий драйвери саноат тармоқлари, деҳқончилик ва боғдорчилик, кичик бизнес бўлишига қарамай чорвачилик хўжаликлари ҳам анча оммалашган. Ўрта Чирчиқ туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими мутахассиси Ўткир Алиқуловнинг айтишича, туманда чорва ва паррандаларнинг бош сони рўйхатга олинган. Етиштирилган тухум, гўшт ва сут маҳсулотлари мунтазам равишда Тошкент вилояти билан бирга пойтахт савдо марказларига ҳам етказилади.
Жумладан, маҳаллий тадбиркор Юлия Сергеева раҳбарлигидаги наслли қорамолчилик ва сутчилик йўналишидаги "Ким Пен Хва чорва" фермер хўжалиги ҳам қорамолчиликка ихтисослашган. Хўжаликнинг умумий ер майдони 147 гектар бўлиб, 9 гектарида қорамолларни боқиш учун ферма мавжуд. 2025 йилда Россия Федерациясидан наслли 51 бош қорамол олиб келинган эди. Ҳозир бу ерда 800 бош наслли “Гольштейн” зотли қорамол боқилмоқда. Шунингдек, фермада 35 нафар ишчи доимий иш билан таъминланган. Сутни соғиб олиш техник усулда бўлиб, Тошкент шаҳридаги кўплаб қайта ишлаш корхоналарига сут етказиб берилади. Тадбиркор келгусида мазкур йўналишдаги ишларни кенгайтиришни мақсад қилган.
Бундан ташқари, 2025 йилда мазкур туманнинг Машъал маҳалласида "New chicken food" корхонасининг фаолияти йўлга қўйилди. Хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда бошланган бу лойиҳанинг умумий қиймати 3,5 миллион долларни ташкил қилади. Унга кўра, ойига 3-3,5 миллион дона "ROSS 308" бройлер жўжалари тухумдан очирилади.


– Бунинг учун амалда хитой технологияси жорий этилган. 30 нафар иш ўрни яратилган, – дейди "New chicken food" корхонаси раҳбари Дилшодбек Султонов. – Тухумлар 17-22 кунгача очириб чиқарилади. 1,5-3 кунлик жўжалар Тошкент вилоятидан ташқари Фарғона, Наманган, Андижон, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларига ҳам етказиб берилмоқда. Айни пайтда лойиҳанинг 60 фоизи амалга оширилди. Келгусида фаолиятимизни тўлиқ йўлга қўйиб, паррандачилик бўйича етиштираётган маҳсулотларимизни хорижга экспорт қилишни мақсад қилганмиз.
Охирги йиллар мазкур ҳудуддаги маҳаллаларда айнан чорвачилик йўналишлари бўйича аҳоли бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Ишсиз фуқаролар ўз томорқасида қорамол, қўй боқиб кўпайтиришни йўлга қўйган. Бу жараёнда ҳоким ёрдамчилари уларнинг талаб ва таклифлари асосида имтиёзли кредит олиши ва оилавий тадбиркорлигини бошлашга кўмаклашмоқда. Масалан Абдукарим Йўлбарисов маҳалласида яшовчи Зоҳир Бўронбоев нафақада бўлишига қарамай "Ҳар бир оила – тадбиркор" дастури доирасида маҳалладаги ҳоким ёрдамчисининг тавсияси билан имтиёзли кредит асосида 15 бош қўй олди.
Бугунги кунга келиб унинг қўйлари бош сони 70 дан ошди. Шунингдек, у ўтган давр мобайнида чорвачилик даромадидан 2 та автомашина сотиб олиб, фарзанди учун уй ҳам қурди. Ишнинг кўзини билган чорвадор қўйларни қандай парваришлаш ва озиқлантиришни жуда яхши билади. Келгусида қорамол ҳам боқишни йўлга қўймоқчи. Бунинг учун давлатимиз томонидан аҳолига берилаётган имкониятлардан жуда мамнун.
Умуман олганда, жойларда бу каби намунали мисоллар жуда кўп. Уларнинг чорвачилик тармоқларида эришаётган натижалари, давлатимиз томонидан берилаётган имтиёз ва қулайликлардан унумли фойдаланиб жамиятга ўз ҳиссасини қўшгани қувонарлидир.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Afwiw_3SM6M" title="Chorva aholini boy qiladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Мусаев, ЎзА