Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Чорсу "бозоридаги гумбазлар хавф остида...ми?
06:48 / 2022-05-06

Ижтимой тармоқларда пойтахтимиздаги "Чорсу" бозорида ўтказилаётган реконструкция ишлари натижасида гумбазлардан бири бузиб ташланиши мумкинлиги тўғрисида хабарлар жамоатчилик ўртасида кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги мазкур хабарлар юзасидан  қуйидагиларни тақдим этди.

"Чорсу" деҳқон бозори Тошкент шаҳри Олмазор тумани Навоий кўчасида жойлашган.

Маълумотларга кўра,  “Чорсу” қадимий сўз бўлиб, дастлаб зардуштийларнинг китоби “Авесто”да “човурчуқ” (“тўрт томонлама”) шаклида учрайди ва “бозор” маъносини англатади. Кейинчалик бу сўз “чаҳорсу” ва ниҳоят “чорсу” шаклини олган, “чорсу” деганда “гумбазли бозор” тушунилган.

Мазкур бозор Буюк Ипак йўлининг муҳим қисмларидан бири ҳисобланган,  унинг ҳудудида бир нечта маданий қатлам мавжуд.

Ушбу қатламларнинг тарихий аҳамиятини ўрганиш учун археологик ишлар олиб борилиши режалаштирилган.

Хўш, мазкур бозор ҳудуди Маданий мерос объекти сирасига кирадими?

“Чорсу"  деҳқон бозори шубҳасиз маданий мерос объекти саналади.

Мутассисларнинг сўзларига кўра, бозорнинг тарихий дарвозаси ўз даврида бир қатор рассомларнинг асарларида тасвирланган.

Нафақат бозор, балки унинг атрофидаги баъзи бинолар ҳам Маданий мерос объекти саналади.

Жумладан,  “Чорсу" деҳқон бозоридаги еттита гумбаз ҳам Маданий мерос объекти сифатида баҳоланади. Айнан шу сабабга кўра Маданий мерос агентлиги томонидан бозорни реконструкция қилиш бўйича биринчи лойиҳа рад этилган.

Экспертлар фикрига кўра, Агентлик ушбу гумбазларнинг тарихий аҳамияти сақланиб қолиши лозимлигини қатъий талаб қилиши мумкин.

“Чорсу" деҳқон бозори савдо ҳудуди бўлиб, бугунги кунга келиб унда замонавий талаблар асосида инфраструктура ва қулайлик яратиш зарурати юзага келган.

Айни вақтда гумбазлар остидаги савдо расталаридаги ҳолат санитария талабларига тўлиқ жавоб бермайди. Ёритиш, тозалик, ҳаво тозалиги, техник ва ёнғин хавфсизлиги масалаларида муаммолар мавжуд.

"Чорсу "деҳқон бозоридаги еттита гумбаз Тошкент шаҳрининг рамзларидан бирига айланган.

Шу сабабли, хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар мазкур бозор ва гумбазлар тарихига  катта  қизиқиш   билдирган

Бозорнинг талабгирлигини ошириш ва унда хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш учун реконструкция қилишга эҳтиёж юзага келган. Аммо бу ишларнинг барчаси Маданий мерос агентлиги назорати ва рухсати асосида амалга оширилади.

Шунингдек, мутахассислар сўзларига кўра, реконструкция давомида  еттита гумбазнинг тарихий қийматига зарар етказилишига йўл қўйилмайди.

Гумбазларга қўшимча жиҳозлар ўрнатиш, унинг устини қоплаш, нақшларини ўзгартириш, замонавий безак киритиш  каби барча ишлар фақатгина Маданий мерос агентлиги рухсати асосида амалга оширилади.

ЎзА