Наманган вилояти Поп туманида жойлашган Чоркесар қишлоғи ўзининг бетакрор табиати ва меҳнаткаш аҳолиси билан ажралиб туради. Қоя-тошли тоғлар бағрида жойлашган бу маскан гўё замон шовқинидан йироқ — сокин, мусаффо ва ниҳоятда гўзал. Бу ерга келган инсон нафақат табиатнинг сўлим манзарасидан, балки оддий ва самимий ҳаёт тарзидан ҳам илҳом олади.
Чоркесарда маҳаллий аҳоли асрлар давомида шаклланган анъаналарни давом эттириб, қўй ва эчки жунидан турли қўл меҳнати маҳсулотлари тайёрлайди. Пайпоқ, свитер ва шарфлар нафақат кундалик эҳтиёж учун, балки даромад манбаи сифатида ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Қишлоқ аҳолиси орасида Мўминжон Худойназаров қўй жунини қайта ишлаш билан шуғулланади. У жунни ювиб, махсус ускуна ёрдамида уни йигиришга тайёр ҳолга келтиради ва тайёрланган хомашёни чоркесарликларга сотади. Шу тариқа у ҳам оиласига озми-кўпми даромад келтиришга ҳаракат қилмоқда. Унинг меҳнати қишлоқдаги бошқа ҳунармандлар учун муҳим босқич ҳисобланади.
Азиза Абдуллаева ҳам Чоркесарда яшайди. У қўй ва эчки жунидан пайпоқ тўқиб сотади. Тайёр жунни олиб, уй шароитида йигириб, сўнгра ундан пайпоқ тайёрлайди. Қўй жунидан тўқилган пайпоқлар 10 минг сўмдан, эчки жунидан тайёрланганлари эса 30 минг сўмдан сотилади. Азиза опа ҳам шу орқали рўзғорига ҳисса қўшишга, оиласига ёрдам беришга ҳаракат қилади.
Чоркесарда қўл меҳнати нафақат тирикчилик манбаи, балки ҳаёт тарзидир. Бу ерда ҳар бир ипда меҳр, ҳар бир тўқилган буюмда эса самимият мужассам.
Бу ер — анъана, табиат ва қўл меҳнатининг илиқлиги ёнма-ён яшайдиган мўъжаз бир олам.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/7CRET_c6kyw" title="Chorkesar – tog‘lar bag‘rida yashnayotgan qo‘l mehnati va iliqlik manzili" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Тоҳир Турсунов, ЎзА