Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чорак асрда янгиланмаган электр ускуналари янгиланди аммо булар янги Ўзбекистон учун етарли эмас...
12:06 / 2021-08-13

Бугунги кунда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти таркибида 84 та юқори кучланишли подстанция ва 11 400 километрдан ортиқ 220–500 киловолт кучланишли магистраль электр узатиш тармоқлари мавжуд.

Мазкур акциядорлик жамияти тасарруфидаги мамлакат энерго тизимида муҳим аҳамият тутувчи Миллий диспетчерлик маркази ташкил этилган. Рақамлаштириш дастурининг йирик лойиҳалари айнан шу марказда амалга оширилмоқда.

Электр энергияси таъминоти умумтизимида ишлаб чиқариш ва истеъмол ўртасидаги мувозанатни сақлаш, тизимда рўй бериши мумкин бўлган авария ҳолатларига қарши реле ҳимояси ва автоматика тизимининг тезкор чоралари каби вазифаларни бажаради. Оддий тил билан айтганда, юқори кучланишли ҳаво линияларининг айнан қаерида ва нима сабабдан носозлик рўй берганини бир неча километр узоқдаги бошқарув пультидан туриб билиш имконини беради. Ҳамда сониялар ичида ҳолатни барқарорлаштириш, бунинг учун керакли топшириқ-кўрсатмаларни бериш — Марказ томонидан самарали фойдаланиб келаётган рақамли дастурларнинг бир қисмидир.

Акциядорлик жамияти Америка Қўшма Штатларининг USAID агентлиги билан ҳамкорликда энергетика тизимининг иш режимларини ҳисоблаш учун мўлжалланган DigSilent Power Factory дастури ўзлаштириб, тегишли сертификатларга эга бўлди. Шу билан бирга, Жаҳон Банки билан ҳамкорликда Ўзбекистон энергетика соҳасидаги автоматлаштирилган бошқариш тизимини рақамли технологияларга ўтказиш, яъни мавжуд оператив-ахборот комплексини замонавий SCADA/EMS тизими билан алмаштириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Ривожланган мамлакатлар энергетика соҳаси ҳозирда бизга нисбатан илғор ва самарали иш босқичда. Соҳанинг барқарор фаолияти кўп томонлама мутахассисларнинг билим-салоҳиятига боғлиқ.

Охирги уч-тўрт йилда  халқаро молия институтлар ҳамкорлигида юқори кучланишли 84 та подстанцияларнинг қарийб 50 фоизида модернизация ва реконструкция ишлари олиб борилмоқда, бир қатор инвестиция лойиҳалар натижаси амалиётга татбиқ этилиб, электр таъминотининг ишончлилиги оширилмоқда.

Келинг, аниқ рақамларга тўхталайлик...

2021 йил биринчи яримйиллик якунларига кўра мамлакатимизнинг магистраль электр тармоқлари орқали 31,6 миллиард киловатт.соат электр энергияси транспортировка қилиниб, режа 108,1 фоизга бажарилди. Ўсиш суръати 2020 йилнинг мос даври кўрсатгичи 25,9 миллиард киловатт.соатга нисбатан 122,1 фоизни ташкил этди.

Инвестиция дастури доирасида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан жами 54,04 млн.долл. маблағ ўзлаштирилиб, режа 130,6 фоизга бажарилди. Ўсиш суръати 2020 йилнинг мос даври кўрсаткичига нисбатан 130,7 фоизни ташкил этади.

Модернизация дастури асосида 7 та подстанцияда юқори кучланишли трансформаторлар ўрнатилиб, ишга туширилди. Бу мавжуд умумий қувват кўрсаткичларига олти ой ичида яна 631 мегавольтампер қувват қўшилди, дегани. Ўсиш суръати 2020 йилнинг мос даври кўрсаткичи — 422 мегавольтамперга нисбатан 149 фоизни ташкил этди.

Қарийб чорак аср давомида деярли янгиланмаган юқори кучланишли электр ускуналари охирги 4-5 йилда, инвестицион лойиҳалар доирасида ажратилган маблағлар ҳисобидан янгиланиб, янги-янги электр объектлари қурилмоқда. Аммо булар ҳали ривожланаётган Янги Ўзбекистон учун етарли эмас...

Галдаги вазифалар — жадал суръатларда сифатли иш кўламларини бажариш, бу орқали аҳолини электр таъминотидан рози қилиб, йирик саноат корхоналаридан тортиб ўрта ва кичик бизнес вакиллари ривожи учун ишончли таъминот яратилиши лозим.

Акциядорлик жамияти ва унинг таркибидаги корхоналарда чуқур диагностика ўтказиш ва аниқланган тизимли камчиликларни бартараф этиш, харажатларни қисқартириш, қувватларни модернизация қилиш мақсадида “McKinsey&Company” ҳамда «ИКС Холдинг» халқаро консалтинг компаниялари билан ҳамкорлик ишлари амалга оширилмоқда

Жамиятда замонавий бошқарув тизимлари ва усулларини жорий этиш бўйича ISO 9001 «Сифат менежменти тизими» ҳамда ISO 37001 «Коррупцияга қарши бошқарув тизимлари» халқаро стандартлари сертификатлари қўлга киритилди.

2019 молиявий йилидан бошлаб молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари жорий этилиб, ҳозирда Жаҳон Банкининг кўмагида “Ernst&Young” халқаро аудиторлик компанияси жалб этилган.

Соҳага янги жаҳон стандартларини жорий қилиш, замонавий рақамли подстанциялар ва электр тармоқларини қуриш ҳамда улардан фойдаланишда ушбу стандартлардан фойдаланиш мақсадида “Uzassystem” билан тузилган шартномага асосан ишлаб чиқилган 524 та стандартни қўллаш бўйича «Ўзстандарт» агентлигининг розилиги берилди.

Давлат-хусусий шериклик тамойили асосида қурилаётган хусусий электр станцияларини, аввало қайта тикланувчи энергия манбалари негизида ишлайдиган станцияларни республика энерготизимига улаш ва уларни бошқаришни таъминлаш ҳамда ушбу ишларни тўғри ташкил этиш учун Осиё Тараққиёт Банки томонидан ёлланган Adalid Asesores y Consultores (ADAYC) консалтинг компанияси билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

Хулоса шуки, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида магистраль электр тармоқларини ривожлантириш, мавжуд подстанциялар қувватини ошириб, янгиларини қуриш, соҳада рақамлаштириш, модернизация ва реконструкция ишлари бўйича бўйича бир нечта лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Улуғбек УРУНОВ, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси.