Президентимизнинг фармонига кўра, мустақиллигимизнинг ўттиз йиллиги байрами арафасида “Шуҳрат” медали билан тақдирланган юз ёшдан ошган пиру-бадавлат отахон ва онахонлар сафида Фарғона вилояти Фарғона туманида яшайдиган Тожиддин ота Апазов ҳам бор.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров отахоннинг хонадонида бўлиб, Президентимиз номидан “Шуҳрат” медалини тантанали топширди. Шунингдек, вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамаот ташкилотларининг эсдалик совғалари берилди.
“Янгийўл” маҳалла фуқаролар йиғинида тинч, тўкин умргузаронлик қилаётган Т.Апазов жорий йилда 104 ёшни қарши олди. Табаррук отахон 8 нафар фарзандни камолга етказди, бугун эса 48 нафар невара, 70 га яқин чевара, эвара ардоғида умргузаронлик қилмоқда.
Отахон бир умр чўпонлик билан шуғулланди, ҳаётда кўп синовларни бошидан кечирди. Ҳалол меҳнати билан қишлоқда ҳурмат топди.
– Биз кексаларни эъзозлаган Президентимизга раҳмат, – дейди отахон қўлини дуога очаркан. – Юртимиз тинч, дастурхонимиз тўкин бўлсин. Бошимиздан кўп оғир кунлар ўтган. Иккинчи жаҳон урушининг даҳшатли манзарасигага гувоҳ бўлганман. Қанча одамлар қатағон қурбони бўлди. Яратганга шукр, озодликка эришдик. Бугун телевизорда бунёдкорликлар, ўзгаришлар ҳақида эшитаман. Буни энди қадрига етиш керак.
Бу файзли уйдан отахонни зиёрат қилувчиларнинг қадами сира узилмайди. Зеро, бу каби ёши улуғ инсонлар таянч устунларимиз, хонадонларимизнинг бойлигидир.
[gallery-3647]
М.Сулаймонов, М.Қодиров(сурат), ЎзА