Фуқароларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам фақат жиноят ишларини юритишда кўрсатилиб, маъмурий ва фуқаролик ишлари бўйича давлат ҳисобидан бепул ёрдам кўрсатиш назарда тутилмаган. Бу эса кам таъминланган фуқароларнинг Конституцияда кафолатланган малакали юридик ёрдамдан тўлиқ фойдалана олмаслигига олиб келмоқда. Натижада бу "чўнтак адвокат"лари ва бошқа коррупциявий омиллар пайдо бўлишига сабаб бўляпти.
Хусусан, 2021 йилда маъмурий судлар томонидан кўрилган 15 мингга яқин ишларнинг 4 мингдан ортиғи пенсия ва нафақа тайинлаш масаласи билан боғлиқ бўлган бўлса, фуқаролик ишлари бўйича судларда 519 мингга яқин ишлардан қарийб 148 мингтаси хотин-қизлар даъво аризалари асосида кўрилган.
Шу билан бирга, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишни мувофиқлаштирувчи ягона орган белгиланмагани бюджет маблағларининг сарфланиши устидан самарали назорат ўрнатилишига тўсқинлик қилмоқда.
«Давлат ҳисобидан юридик ёрдам тўғрисида»ги қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар жисмоний шахсларга Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва халқаро шартномалар билан кафолатланган ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш ҳамда юридик ёрдам олиш ва одил судловга эришишда тенг имкониятлардан фойдаланишини таъминлайди.
Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши муҳокама қилинар экан, депутатлар қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича бир қатор таклифлар берди.
Шунингдек, йиғилишда «Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.
Депутатлар қонун лойиҳаси билан киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар Фуқаролик кодексида назарда тутилган қоидаларнинг турлича талқин қилинишининг олдини олишга хизмат қилишини таъкидлаб, уни маъқулладилар.
М.Комилова, ЎзА