Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чўнғарада янги боғча иш бошлади
14:15 / 2022-05-25

Фарғона вилояти Риштон туманидаги “Чўнғара” маҳалла фуқаролар йиғини анклав ҳудуд ҳисобланади.

Қўшни Қирғизистон Республикаси билан чегарадош маҳаллада замонавий кўринишда қайта барпо этилган мактабгача таълим ташкилоти тантанали тадбир билан фойдаланишга топширилди. 

Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят секторлари раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари ҳамда қишлоқ аҳли иштирок этди. Барча қулайликларга эга замонавий мактабгача таълим ташкилоти 90 ўринга мўлжалланган. Янги муассасада болажонларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш учун барча шароит яратилган. Мазкур муассаса реконструкцияси учун 2 миллиард 641 миллион сўм маблағ сарфланди. 

Очилиш маросимида кекса отахонлар дуога қўл очиб, бу ерда таълим-тарбия оладиган болажонлар юртимиз тараққиётига муносиб хизмат қиладиган йигит-қизлар бўлиб етишишига тилак билдирди. 2022 йилда вилоят маҳаллий бюджетидан Чўнғара ҳудудида яшовчи аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Сўх дарёси қирғоқларини дамба билан муҳофазалаш харажатлари учун 2 миллиард сўм ҳамда мазкур ҳудуддаги шифокорлар уйи, оилавий шифокорлар пункти, профилактика инспекторлари хизмат уйи қурилиши ва маҳалла фуқаролар йиғини биносини мукаммал таъмирлаш ишларига 2,1 миллиард сўм маблағ ажратилди. 

Вилоят ҳокими дамба қуриш ишларини лойиҳалаштириш жараёнлари билан танишди. “Йигит пирим” зиёратгоҳида бўлиб, аҳоли билан суҳбатлашди. Чўнғараликлар давлатимизнинг, Президентимизнинг олиб бораётган сиёсатидан, фуқароларга кўрсатилаётган ғамхўрликлардан мамнун эканликларини билдириб, миннатдорлик билдирди.

М.Сулаймонов,ЎзА