Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чўмилиш мавсуми: 110 га яқин бахтсиз ҳодиса содир бўлган
16:46 / 2022-08-01

Жазирама ёзнинг айни палласида чўмилиш кишига завқу шавқ бахш этади.

Шу боис ёз бошланиши билан каттаю кичик ҳамма сузиш ҳавзалари томон ошиқади.

Аммо чўмилиш давомида ҳушёрликни унутмаслик асосий масалалардандир. Чўмилиш мавсуми бошланиши билан турли фалокатлар, чўкиш билан боғлиқ мудҳиш ҳолатлар ҳам юзага келиши сир эмас.

Ҳар йили ёзда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тегишли мутасаддилар ва аҳоли билан бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича қатор чора-тадбирларни амалга оширади.

Аммо афсуски, шунга қарамай, эҳтиётсизлик, тақиқланган сув ҳавзаларида чўмилиш ва бошқа ножўя ҳаракатлар оқибатида чўкиш билан боғлиқ фавқулодда ҳолатлар юзага келади.

Хўш, жорий йил чўмилиш мавсуми давомида қандай талафотлар юз берди? Чўкиш билан боғлиқ нечта ҳолат қайд этилди? Бу борада Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари билан боғландик.

— Юртимизда иссиқ ёз мавсуми инсонларда чўмилиш, сузишга бўлган эҳтиёжни кучайтиради, — дейди ФВВ матбуот хизмати раҳбари ўринбосари Самандар Ҳикматуллаев. — Аммо чўмилиш давомидаги эҳтиётсизлик ёки чўмилиш мумкин бўлмаган сув ҳавзаларида чўмилиш турли бахтсиз ҳодисаларни юзага келтиради. Жорий йилги чўмилиш мавсуми бошлангандан буён 110га яқин чўкиб кетиш ҳолатлари қайд этилган. Уларнинг қарийб 50 фоизи вояга етмаганлар ҳисобланади. Ушбу фалокатларнинг аксарияти эҳтиётсизлик оқибатида юз берган бўлса, айримлари катта зовур ва каналлардан ўтадиган канализация қувурлари устидан ўтишда сувга қулаб тушиш оқибатида содир бўлган. Чўкиб кетган фуқароларни қутқариш мақсадида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда унинг жойлардаги бошқарма ва бўлимлари вакиллари томонидан тезкор равишда қутқарув ва қидирув ишлари олиб борилади. Албатта, бу жараён осон эмас.

Дарҳақиқат, айрим сув ҳавзаларида чўмилиш тақиқлаб қўйилиши бежиз эмас. Ҳаёт учун хавфли бўлган, сув оқими юқори бўлган сув ҳавзаларида чўмилиш кишининг ўзини бошқара олмай қолиши ва оқимга қўшилиб, оқиб кетишига сабаб бўлади. Шу боис ҳам мумкин бўлмаган жойларда чўмилмаслик, сузиш ҳавзаларида эҳтиёткор бўлиш долзарб аҳамиятга эга.

Таъкидлаш жоизки, чўмилиш тақиқланган сув ҳавзалари ҳудудларида Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардия ходимлари томонидан назорат олиб бориш ишлари йўлга қўйилган. Аммо, энг аввало, инсонларнинг ўзлари ўзларини назорат қила олиши, эҳтиётсизлик оқибатида содир бўлиши мумкин бўлган ҳодисаларга йўл қўймасликлари лозим.

Чўмилиш — инсонга ҳузур бағишлайди. Завқли онлар роҳатини фалокатга айлантирмаслик эса кўп жиҳатдан ўзимизга ҳам боғлиқ.

Муҳтарама Комилова, ЎзА