Бухоро вилояти ҳудудида 58 минг гектар майдонда ўрмонзор барпо этиш ҳаракатига киришилган. Бу борада вилоятнинг Олот, Қоракўл, Жондор, Ромитан, Пешку, Шофиркон, Ғиждувон ва Қоровулбозор туманларидан чўл массивига туташ ер майдонлари танлаб олинган.
– “Яшил қоплама”лар барпо этиш борасида ўрмон хўжалигимиз жамоаси томонидан 29,2 тонна, Жондор давлат ўрмон хўжалигида 27,6 тонна, Олот давлат ўрмон хўжалигида 29,8 тонна, Қоракўл давлат ўрмон хўжалигида 29,5 тонна миқдоридаги чўл ўсимликлари уруғлари захираси яратилди, – дейди Бухоро давлат ўрмон хўжалиги директори Рустам Ҳожиев. – Шунингдек, Қизилқум давлат ўрмон хўжалигида 21,4 тонна, “Нефтчи” давлат ўрмон хўжалигида 20,9 тонна, Шофиркон давлат ўрмон хўжалигида 28,4 тонна, Қоровулбозор давлат ўрмон хўжалигида 21,5 тонна, Ғиждувон давлат ўрмон хўжалигида 25,3 тонна, Қоракўл ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалигида 28,5 тонна, Когон ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалигида 15 тонна чўл ўсимликлари уруғлари тайёрланди.

Соҳада амалга оширилган ишлар натижасида Бухоро давлат ўрмон хўжалиги томонидан 5 минг гектардан зиёд, Жондор давлат ўрмон хўжалиги томонидан 5,8 минг гектарда, Олот давлат ўрмон хўжалиги томонидан 5,6 минг гектар ерда “яшил қоплама” – ҳимоя ўрмонзорлари барпо қилинмоқда.

Худди шундай, Қоракўл давлат ўрмон хўжалиги 6,2, Қизилқум давлат ўрмон хўжалиги 2,8, “Нефтчи” давлат ўрмон хўжалиги 5, Шофиркон давлат ўрмон хўжалиги 8,5, Қоровулбозор давлат ўрмон хўжалиги 5 минг, Ғиждувон давлат ўрмон хўжалиги 5,5, Қоракўл ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалиги меҳнат жамоаси 6,5, Когон ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалиги эса 2 минг гектар майдонда “яшил қоплама” – ҳимоя ўрмонзорини яратишга жиддий бел боғланган.

Ташкилий-моддий жиҳатдан, вилоятнинг чўл ҳудудларида “Яшил қоплама” ҳимоя ўрмонзорлари барпо қилиш мақсадида буюртмачи – давлат ўрмон агентлиги томонидан ҳозиргача вилоятдаги 11 та ўрмон хўжалигидан 7 тасига лойиҳа бўйича аванс маблағлари ажратиб берилган. “Яшил қоплама” – ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш чора-тадбирларига пудратчи субъектлар томонидан 32 та трактор-агрегатлар, шунингдек, 30 нафарга яқин мутахассис ва жами 180 дан зиёд ишчи жалб этилган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.