Бугунги кунда инсоният дуч келаётган энг жиддий экологик муаммолардан бири — чўлланиш ва қурғоқчилик. Бу ҳолатлар тупроқнинг унумдорлигини йўқотиши, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар етказиши, инсонларнинг ҳаёти ва иқтисодига салбий таъсир кўрсатиши билан хавфли ҳисобланади.
Чўлланиш ва қурғоқчилик нима?
Мутахассисларнинг таъкидлашича, чўлланиш табиий ва инсон фаолияти натижасида ҳосилдор ерлар захирасининг камайиб бориши, уларнинг қуруқ ва нотўғри бошқарилаётган майдонларга айланишидир. Бу ҳолат, асосан, кам ёғингарчилик, ноўрин ердан фойдаланиш, дарахтларни кесиш натижасида содир бўлади. Қурғоқчилик эса узоқ муддат давомида ёмғирнинг йўқлиги ёки кам бўлиши туфайли сув таъминоти камайиб кетадиган табиий ҳодиса. Бу ҳолат қишлоқ хўжалиги, ичимлик сув таъминоти ва табиий экотизимларга жиддий таъсир кўрсатади.
Оқибатда ҳосилдорлик пасаяди ва озиқ-овқат етишмовчилиги юзага келади. Ичимлик суви манбалари кескин камаяди. Биологик хилма-хиллик тобора йўқолиб боради ва қишлоқ жойлардан аҳолининг кўчиб кетиши (экологик миграция) юзага келади.
Қандай чора-тадбирларни амалга ошириш талаб этилади?
Бу муаммонинг олдини олишда ўрмонларни тиклаш ва экин ерлар атрофига дарахт экиш, қишлоқ хўжалигида замонавий агротехнологияларни жорий этиш, аҳоли орасида экологик таълим ва хабардорликни ошириш, сувдан тежаб фойдаланиш ва самарали ирригация тизимларини жорий қилиш мақсадга мувофиқ. Ердан фойдаланишда барқарор қоидаларга риоя қилиш талаб этилади.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, Ўзбекистон 1995 йилдан бошлаб БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги Конвенцияси тадбирларида фаол иштирок этиб келмоқда. Деградацияга учраган ерларни тиклаш, қуриб қолган Орол денгизи тубида саксовул экиш, “яшил белбоғ”лар барпо этиш ва тупроқни рақамли мониторинг қилиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ўтган 2024 йилда Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган CОП16 анжуманида Ўзбекистон ташаббуси билан илгари сурилган Самарқанд декларацияси халқаро қўллаб-қувватловга сазовор бўлди.
Чўлланиш ва қурғоқчилик — фақат табиат муаммоси эмас, балки бутун инсоният учун жиддий хавф. Унга қарши курашиш — бугунги куннинг долзарб вазифаси. Ҳар бир давлат, жамият ва фуқаро табиатни муҳофаза қилишга ўз ҳиссасини қўшиши лозим. Фақат шундагина келажак авлод учун соғлом муҳит яратиш мумкин бўлади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА