Тошкент Фотосуратлар уйида таниқли рассом Дамир Рўзибоевнинг «Чизиқлар оҳанги» номли шахсий кўргазмаси очилди.
Кўргазмада рассомнинг 80 га яқин рангтасвир, графика ва ҳайкалтарошликка оид асарлари намойиш этилди.
Экспозицияда тақдим этилган асарлар ўзига хос композицион ва ранглар ечимига эга. Улар ижодкорнинг изчил изланишлари маҳсулидир. Суратларни кузатаркансиз, ҳайратланарли сирни кўргандек бўласиз. Аниқроғи, рассомнинг ижод даргоҳига жиддий қадам босиши ҳам ҳайратланарли воқеага бой бўлган.
– Бир куни Ўзбекистон давлат санъат музейида сақланаётган дафтарчалар – анъанавий безакларни ўргатишга мўлжалланган ХIV – XVI асрга оид букланадиган дафтарлар эътиборимни тортди, – деди Дамир Рўзибоев. – Айнан ана шу, энди бошланган ва тугалланмаган гириҳлар, айниқса, қизиқарли бўлиб чиқди. Улар менга мутлақо замонавий товуш графикаси сифатида кўринди. Мен ўзим учун гириҳ ва ислимийнинг янгича ажойиб оламини кашф этдим. Масалан, дафтарчанинг бош саҳифаларидан бирида мутаносиб тарзда топилган ва ажойиб тартибга солинган иккита эгилган чизиқ тортилган. Ундаги соддалик менда таассурот қолдирди. Уларга қараб Малевич ва Попованинг ишлари ёдимга тушди.
[gallery-9539]
Маълумки, қадимий ҳайкалтарошлик рангли бўлган, бироқ аксарият ҳайкалларнинг ранги сақланиб қолмаган. Мен ЎзИEСКда Г.А.Пугаченкова бошчилигидаги Холчаён рангли ҳайкаллари қазишма ишларида қатнашганимдан бахтиёрман ва бу менинг ҳаётимга таъсир кўрсатмай қолмаган. Тадқиқотлар мен учун нафақат иш, балки катта мактаб эди. Ҳанузгача кўз ўнгимда турли образларнинг таъсирчан ва ўзига хос портретлар бўлиб, уларда замондошларимни кўрганман.
Мен бу янги ҳаёт йўлидан қувонч ва қониқиш ҳосил қиламан. Бу ерда анъанавий меъморчилик безакларида бўлгани каби бадиий ечимларнинг чексиз имкониятлари бор. Бироқ нақшдан фарқли ўлароқ, ўз чизиқларимни эркин талқин қилиб, бошқача чизаман.
Кўргазмада жорий йилнинг 18 ноябрь куни рассом билан ижодий кеча ва унинг «Гириҳ – мен ечмоқчи бўлган тугун...» номли альбоми тақдимоти бўлиб ўтиши маълум қилинди.
Гулноза Бобоева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА