Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чироқчининг миллий таоми – яхна
11:41 / 2021-06-04

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида тайёрланадиган “яхна” миллий таоми нафақат мамлакатимизда, балки хорижда ҳам машҳур.

 Қизиғи шундаки, Чироқчи халқи ушбу тансиқ таомни халқ тилида “чоршанба” ва “пайшанба” деб номланувчи катта бозор ташкил қилинадиган кунда, тонгдан истеъмол қилади. Бу одат ҳудуд аҳолиси орасида азалдан анъана тусига кирган. Аввал таом..., деганларидек, аввал яхна гўштдан тўйиб таомлангач, кейин хонадон учун бозор-ўчар қилинади. Ҳатто баъзилар эрта азондан атайин яхна гўшти ейиш учунгина бозорга боради. Ушбу таом сотиладиган раста атрофидаги ошхоналар мижозлар билан лиқ тўла. Бу тансиқ таомнинг таърифини эшитиб, бошқа ҳудудлардан ҳам меҳмонлар келади. Шу ерликларнинг таъкидлашича, баъзан хорижликлар ҳам ошхонада меҳмон бўлиб кетишади. Энг қизиғи, бирорта ҳам таом атрофида пашша учганини кўрмайсиз. Расталарда осиғлиқ турган, янги сўйилган гўштларга ҳам пашша қўнмайди.  

Ушбу таърифлар изидан эрта саҳарлаб якшанба куни бўлишига қарамай Чироқчининг Чияли ҳудуди сари отландик.  

Эрталабдан бозор гавжум. Бир томонда мол бозори, бир томонда кийим-кечак, кейинги томонда озиқ-овқат расталари жой олган. Бозорда ҳамма ўз ташвиши билан овора, кимдир келтирган маҳсулотига харидор чақириш билан машғул бўлса, яна бошқа биров олмоқчи бўлган буюм учун сотувчи билан тортишмоқда.

Биз излаган манзил эса бозорнинг ичкарисида. Икки қаторлик яхна растасида чамаси 25-30 нафар сотувчи олдига қўйилган яхна тўла тоғоралардан ҳиди чиқиб турган яхналарни қўли-қўлига тегмай сотмоқда. Расталарда харидорлар шу қадар гавжумки, оёқ босишга жой йўқ. Кейин билсак, харидорларнинг бу қадар яхна гўштини истеъмол қилишга шошилишининг ҳам сабаби бор экан. Уларнинг таъкидлашича, энг сифатли яхна гўшти эрта тонгдан соат 9 ларгача сотилар экан. Харидорлар орасида ёш навқирон йигитлардан тортиб, 70-80 ёшни қаршилаган кексаларгача топилади. Бир қарашда қўлида пахта гулли лаганларни кўтариб олган мижозлар қадимги пайтлардаги тўйларда ош учун қозон атрофида йиғилиб турган тўйхона хизматчиларини эслатиб юборади.

Яхна олиш учун навбатда турган кекса мижозлардан бирини суҳбатга чорладик.  

– Ёшим 70 да, лекин ҳар бозор кунида яхна емасам, ўзимни касал бўлгандек ҳис қиламан, – дейди Тоштурди бобо Норқулов. – Ёшликдан шунга одатланганмиз. Бу таомда ростдан шифобахшлик хусусияти бор. Қуввати кучли бўлишига қарамасдан тез ҳазм бўлади. Қон босимини оширмайди. Ҳар бозор куни ярим килодан зиёд яхна гўшти ейман. Ёш навқирон йигитларга бир ишни эплай олмасалар яхна еганмисан ўзи, дея ҳазиллашамиз. Хуллас, яхнадан еб юрсангиз касал бўлмайсиз.

Яхна расталари бўйлаб оралаб борар эканмиз, бир сотувчи олдида жуда кўп мижозлар навбат кутиб турганини кўрдик. Билсак, у энг тажрибали, қўли ширин Холбўта яхначи экан. Ундан яхна тайёрлаш сирлари ҳақида сўрадик.

– Бу бозор кўп йиллик тарихга эга, – дейди Холбўта Алиев. – Бозоримизга азалдан меҳмонлар кўп келади. Яхна гўшти кўк беда ва арпани тўйиб еган, ками 35-40 килограмм тош босадиган 18-19 ойлик қўзи қўчқор гўштидан тайёрланади. Оддий сувда 10-12 соат паст оловда қайнатиб пиширилади. Салкам 30 йилдан буён шу иш билан шуғулланаман. Ҳафтада икки-уч бозорга борамиз. Бир бозорда камида 70-80 кило яхна сотамиз.  

–Нима сабабдан яхна гўшти бошқа жойларда бу ердагидек мазали пишмайди, буни қандайдир сири борми?

– Сири оддий, меҳр бериб пишириш керак, – дейди Х.Алиев. – Ҳар қандай таомга ҳам меҳр бериб пиширилса, тотли бўлади. Кейин биз қозонга бир ташлашда 70-80 килограмм семиз қўчқор гўштини соламиз. Гўшт қанча кўп бўлса, таъми шунчалик мазали бўлади. Бундан ташқари, тажриба ҳам муҳим. Масалан, бир ишни ҳар куни такрорлайверсангиз у сизга ёд бўлиб кетади. Бу ҳунарим ортидан эл ичида ҳурмат қозондим. Бир қанча фестивалларда ҳам қатнашиб келдим. Қолаверса, бозоримизга яратганнинг назари тушган. Шу боис яхналаримиз таъми оғизда қолади. Бу билан доим фахрланамиз.

Тажрибали яхначининг айтганича бор. Бозордаги ҳолат санитария-гигиена қоидаларига мос. Тоза. Ҳаво ҳам мўътадил. Бозордан сал узоқлашсангиз пашша бор. Лекин айнан бозорда йўқ. Бу ҳикматни шу ерликлар турлича изоҳлайди. Нима бўлганда ҳам табиатнинг бу синоатига қойил қолмай илож йўқ.

Яхна гўшти ҳақида халқ ичида шундай ривоят юради. Қадим замонларда ҳам бу ерликлар чорвачилик билан шуғулланиб келган. Бир куни чўпонлардан бирининг семиз қўчқори касалланиб қолади. Чўпон ўйлаб-ўйлаб қўчқорни сўйишга қарор қилади. Қараса анча гўшт, бозорга сотай деса, касалланган. Ҳар нарса бўлиши мумкин. Нима қилишини билмай охири гўштни қозонга солиб, касалликлари йўқолиб кетсин дея эрта тонггача қайнатиб чиқади. Жуда тотли таомга айланади. Кейин бозорга совуган ҳолда олиб чиқади. Одамлар еб кўриб, гўшт яхтайку, аммо жуда мазали экан, дейди. Шу-шу яхна гўшт номи қолган экан.

– Биринчи марта бу ерга келганимда 11 ёш бўлганман, – дейди сурхондарёлик меҳмон Муҳаммадали Алимов. – Жуда файзли жойлар. Ота-боболаримиз доим бу ерга келиб кетган. Бу қишлоқлар тарихини жуда яхши биламан. Сабаби, биздан олдинги аждодларимиз мана шу ерларни макон тутган. Шу боис ҳар йили зиёратга келамиз.

Хуллас бу фикрлар, албатта, бир ривоят ва элда оғиздан-оғизга ўтиб келаётган маълумотлар, аммо бир қарашда шу маълумотларда ҳам қандайдир ҳақиқатлар яширин. Ривоятлар тарихнинг отасидир, дея бежизга айтилмаган. Яратганнинг назари тушган бу ўлкадан олган таассуротларимиз шу бўлди.  

Пахта гулли сополдан ясалган ўрта катталикдаги лаганга солинган қўзи-қўчқор гўштидан тайёрланган яхна, ёнида сирлари учиб қолган чинни чойнакда роса дам берилиб, кийик ўтларидан қўшиб тайёрланган кўк чой. Бошқа лаганда халқ тилида “Майрам манти” деб номланувчи фақат хамирдан иборат мантилар. Оғизга гўштни солишингиз билан эриб кетади. Лекин илгари еб ўрганмаган бўлсангиз, камроқ истеъмол қилишни тавсия қиламиз. Минг бор эшитгандан бир бор кўрган афзал. Чироқчи томонларга йўлингиз тушиб қолса, албатта яхна гўшт ва майрам мантидан еб кўринг.

[gallery-2672]

Ўлмас Баротов,  

Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА