Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чироқчидаги 300 дан ортиқ хонадонда бир йилда 10 минг тонна балиқ етиштирилди
19:21 / 2025-05-16

ФОТОРЕПОРТАЖ

“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ҳамда Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида аҳоли хонадонларида балиқ етиштириш самарадорлигини оширишга қаратилган семинар бўлиб ўтди. 

Тадбирда республиканинг турли ҳудудларидан келган балиқчилик корхоналари раҳбарлари, ем-хашак ишлаб чиқарувчилар ва ҳаваскор тадбиркорлар иштирок этди.

Семинар давомида Чироқчи тумани “Қаҳрамон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги хонадонларда балиқ етиштиришни яхши ташкил этган аҳоли вакиллари ўз тажрибаси билан ўртоқлашди. “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раис ўринбосари М. Остонов хонадонларда балиқчиликни ташкил этишнинг афзалликлари, балиқ танлаш, сув режими, озиқлантириш ва касалликларнинг олдини олиш каби муҳим масалалар ҳақида тушунтириш берди.

Таъкидланишича, ҳозирда тумандаги 3 та маҳаллада 300 дан ортиқ хонадон балиқ етиштириш билан шуғулланмоқда. Уларнинг йиллик маҳсулдорлиги 10 минг тоннани ташкил этади. Келажакда бу кўрсаткични 4-5 баравар ошириш режалаштирилган.

[gallery-23401]

Маълумотларга кўра, вилоятда 15856 гектар майдонда 344 та балиқчилик корхонаси фаолият юритади. Улардан 1427 гектар сунъий сув ҳавзаларида 329 нафар, 12471 гектар табиий сув ҳавзаларида 16 тадбиркорлик субъекти балиқ етиштириш билан шуғулланади.

Семинар иштирокчилари хонадонларда балиқчиликни ривожлантиришнинг муҳим жиҳатларига эътибор қаратди. Жумладан, балиқчилик учун қулай бўлган маҳаллий шароитлардан унумли фойдаланиш, сув ресурсларини оқилона ишлатиш, балиқ зотларини тўғри танлаш ва уларни боқиш технологияларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, балиқларда учрайдиган касалликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш, ветеринария хизматлари билан ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Тадбир давомида балиқ етиштиришни молиялаштириш, кредит олиш имкониятлари, давлат томонидан берилаётган имтиёзлар ва субсидиялар ҳақида ҳам маълумот берилди. Хонадонларда балиқчиликни йўлга қўйиш истагида бўлган фуқаролар учун бизнес-режалар тузиш, лойиҳаларни молиялаштиришга кўмаклашиш масалалари кўриб чиқилди.

Семинарда хонадонларда балиқчиликни ривожлантириш орқали минтақа аҳолисининг бандлигини таъминлаш, уларнинг даромадларини ошириш ва турмуш фаровонлигини яхшилашга эришиш мумкинлиги қайд этилди. Бу, айниқса, қишлоқ жойларда истиқомат қилувчи аҳоли учун муҳим аҳамиятга эга. Келгусида бу лойиҳаларни янада кенгайтириш ва такомиллаштириш орқали вилоятни балиқчилик соҳасида етакчи ҳудудга айлантириш мақсад қилинган.

Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА