Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чироқчида янги кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилди
17:14 / 2024-01-22

– Туман марказидаги “Баркамол авлод” болалар мактабида ишлайман, – дейди Жавҳар Ниёзов. – Тарағай қишлоғидан ҳар куни 50 километр масофа йўл босиб келаман. Яна шунча масофага қайтаман. Ёш оиламиз. Бир нафар фарзандим бор. Бир ҳовлида учта оила турардик. Ҳукуматимизнинг ёш оилаларга қаратаётган эътибори туфайли субсидия асосида туман марказидан уй-жой олишга эришдик. Энди ўзимизнинг ҳам уйимиз бор. Бундан жуда хурсандмиз.

Янги хонадонда яратилган шарт-шароитлар, айниқса, уй соҳибининг аёли Зебинисо Раимовани хурсанд қилди. Боиси шинамгина ошхонада лаззатли таомлар тайёрлаш учун барча қулайлик бор. 

Шу куни Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани марказида тўртта уч ва битта беш қаватли 110 хонадонни ўз бағрига сиғдира олган кўркам, замонавий ва ҳар томонлама қулай тураржойлар мажмуаси фойдаланишга топширилди. 

[gallery-15590]

Кўп қаватли турар жойларнинг тантанали очилиш маросимида иштирок этган туман ҳокими ва бошқалар янги хонадон соҳибларини табриклаб, майдони бўйича кичик, аҳоли зичлиги бўйича пешқадам бўлаётган туманда айнан кўп қаватли тураржойлар фуқароларнинг уй жойга бўлган эҳтиёжини қондиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилишини таъкидлади. 

Рамзий тасма кесилгач, туман ҳокими бошчилигида секторлар раҳбарлари ҳамда нуронийлар янги хонадонга кўчиб чиққан тумандошларининг хонадонларида меҳмон бўлиб, уларнинг қувончига шерик бўлди. 

18 миллиард сўм маблағ эвазига қарийб бир гектар майдонда барпо этилган мазкур тураржойлар атрофида болалар майдончаси, иссиқлик тизими ва бошқа қулайликлар муҳайё қилинган. 

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари