Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги “Ўтамайли” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи деҳқонлар мана бир неча йилдирки, эртачи тарвуз етиштириб, уни экспорт қилиш борасида яхшигина тажриба орттирган.
Маълумотларга кўра, жорий йилда ҳам мазкур ҳудудда 5 мингдан зиёд деҳқон ва томорқа хўжаликлари аъзолари томонидан 8 минг гектар майдонда эртачи, 4 минг гектар ерда ўртачи тарвуз экилган бўлиб, ҳосилнинг боши аллақачон ички бозорга чиқарилди.
Масалан, ҳудуддаги энг тажрибали деҳқонлардан бири “Равшан хожи” полиз ва сабзавотчилик фермер хўжалиги раҳбари Улуғбек Жуманазаров жорий йилда 2,5 гектар иссиқхонада виктория навли, 3 гектар майдонда “дуга” усулида долбе навли эртачи тарвуз етиштирмоқда.
Ҳосилнинг боши аллақачон мижозлар ўртасида қўлма-қўл. Деҳқоннинг таъкидлашича, бу йилги об-ҳаво инжиқликларига қарамай, 7 май куни дастлабки ҳосил терилган. Бугунга қадар 10 тонна маҳсулот сотилган. Бундан ташқари куни кеча қозоғистонлик ҳамкорлар билан 40 тонна тарвуз етказиб бериш бўйича келишувга эришилган.
[gallery-2365]
Бугун айрим ер эгалари гектарлаб сувли ерларни бўш қўйиб, нима экиб пул қилишни билмаётган, сабабини сўрасангиз минг битта баҳонани важ қилиб келтираётган бир пайтда чўл ўртасида 150-160 метр чуқурликдан ер ости сувларини чиқариб, лалми ерларда деҳқончилик қилиб ерни гуллатган ўтамайлиликларга қойил қолмай илож йўқ.
Ҳайрат билан полизни айланар эканмиз, шу ерда ишлаб турган ишчилардан бирини суҳбатга чорладик. Ўзини Фарҳод Қурбонов дея таништирган, қотмадан келган йигит, вилоятнинг Нишон туманидан келиб ишлаётгани, ойига 5 миллион сўм маош олишини таъкидлади. Унинг айтишича, мавсумда яъни ҳар йили январь ойидан июнгача шу ерда тарвуз парваришлайди ва 25-30 миллион даромад билан уйига қайтади.
Айни пайтда биргина “Равшан хожи” фермер хўжалигида Фарҳод Қурбонов каби 5 нафар ишчи меҳнат қилади.
Қаловини топсанг қор ҳам ёнади, деганлари шу бўлса керак. Қип-қизил чўлда тарвуз-қовун етиштириб, миллион-миллион даромад топаётган ўтамайлилик деҳқонлар эришган натижалар бунга яққол мисол.
Ў.Баротов, Ж.Норқобилов(сурат) ЎзА