Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чироқчида нима гап: 309 миллиард сўм қани?
15:11 / 2025-11-25

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида ҳоким ва унинг биринчи ўринбосарининг лавозимдан озод этилиши Президент раислигида ўтган видеоселекторда таъкидланди. Йиғилишда қайд этилишича, туманда аҳолини банд қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш йўналишларида катта маблағ ва имкониятлар бўлатуриб, амалий натижа кутилган даражада бўлмаган.

2025 йилда Чироқчи туманига маҳаллаларда тадбиркорликни кенгайтириш мақсадида 309 миллиард сўм кредит ресурси йўналтирилган. Бу маблағ ҳар бир маҳаллада зарур лойиҳаларни ишга тушириш, аҳолини даромадли меҳнатга жалб этиш учун етарли имконият эди.

Бироқ Президент куйиниб уқтирганидек, туман ҳокимлиги одамларнинг имкониятига мос тайёр лойиҳаларни ишлаб чиқмаган, ажратилган маблағ аҳолига манзилли етказилмаган, муҳтож оилалар ва ёшлар учун лойиҳалар таклиф этиш бўйича ташаббуслар бўлмаган. Катта ресурслардан фойдаланилмагани ёки маблағлар самарасиз йўналтирилгани учун туман раҳбарияти жазоланди.

Маълумотларга кўра, Чироқчида 55 та маҳалла мавжуд. 2025 йилнинг январь-сентябрь ойларида фақат 16 та маҳалла (29%) бандлик режасини бажарган. 39 та маҳалла (71%) белгиланган кўрсаткичларни амалга оширмаган. Бу рақамлар туманда мониторинг, назорат ва ташкилотчилик етишмовчилигини очиқ кўрсатади. Маҳалла бандлик сиёсати амалга ошириладиган асосий поғона. Бу поғонадаги паст натижа тўғридан-тўғри ҳокимлик масъулиятига бориб тақалади.

Манбаларда келтирилган рақамларга кўра, туманда аҳолининг бандлигини таъминлаш бўйича январь-сентябр ойларида 26 минг 566 нафар кишининг бандлиги таъминланиши режа қилинган, амалда 30 минг 218 нафарининг бандлиги таъминланиб, режа 114 фоизга ортиғи билан бажарилган. Шундан инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ҳисобига 1066 нафар, тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳисобига 8841 нафар, қишлоқ хўжалиги, фермер деҳқон хўжаликлари томорқа ер эгалари кенгаши томонидан 19 минг 558 нафар, қурилиш соҳасида 773 нафар аҳоли иш билан таъминланган.  

Бу рақамлар бир қарашда ижобий. Аммо таҳлил шуни кўрсатадики, умумий рақамлар бажарилган бўлса-да, ижро маҳалла даражасида паст, натижалар “тизим ишлаяпти” деган хулосани бермайди, туманда хизматлар кўлами катта, аммо назорат ва манзиллилик суст.

Демак, рақамлар кўпайган, лекин уларнинг ортидаги амалий самара –аҳоли даромади, барқарор иш ўрни, камбағалликдан чиқиш туман даражасида тўлиқ таъминланмаган.

Камбағалликни қисқартиришда ҳаракат катта, лекин муаммолар сақланиб қолган. Дастур доирасида 4079 та оилага хизмат кўрсатилган, 2996 нафари доимий ишга жойлаштирилган, 2607 нафари тадбиркорликка жалб этилган, 509 нафарига имтиёзли кредит ва субсидиялар берилган, 398 нафари касб-ҳунарга ўқитилган. Натижада 2253 та оиланинг 10651 нафар аъзоси камбағалликдан чиқарилган. Бироқ шунга қарамай “Камбағал оилалар реестри”да ҳануз 4697 та оила (22 232 нафар аъзо) бор, тумандаги камбағаллик даражаси 8 фоизни ташкил этмоқда.

Бу рақам шуни англатадики, ресурслар бор, ҳаракат бор, аммо муаммо ҳам жуда катта.  

Вилоят бўйича ишсизлик пасаймоқда, Чироқчида эса тизимли муаммолар сақланиб қолган. Иш ўринлари кўпайган бўлсада, маҳалладаги ижро паст, кредит ресурслари манзилли йўналтирилмаган, туман раҳбарияти томонидан аниқ механизмлар ишлатилмаган. Бу эса вилоят бўйича ижобий тенденцияга зид ҳолат.

Раҳбарларнинг ишдан олиниши рақамлар ортидаги ҳақиқий вазият билан боғлиқ. Таҳлил шуни кўрсатадики, Чироқчи тумани ҳокими Ф.Юсупов ва унинг биринчи ўринбосари З.Эргашевнинг ишдан олинишига асосан қуйидаги омиллар сабаб бўлди: катта миқдордаги ресурс – 309 миллиард сўм  туман аҳолиси манфаатига тўлиқ ишлатилмаган. Маҳаллаларнинг 71 фоизи бандлик режасини бажармагани бошқарувдаги жиддий камчилик. Расмий рақамлар ижобий бўлса-да, улар реал вазиятни тўлиқ акс эттирмаган. Камбағалликни қисқартириш бўйича дастур тўғри ташкил этилмаган. Туман раҳбариятида манзилли ёндашув ва назорат етишмаган.

Қайсики раҳбарлар халқ манфаатини ўйлаб елиб-югурмас, ишламас экан, оқибати шундай бўлиши тайин.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири