Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чироқчида 3 нафар қизалоқ онаси тарбиясига олиб берилди
12:11 / 2021-05-26

Оила – қўрғон. Аммо бу қўрғон ҳамиша мустаҳкам бўлавермайди. Баъзан унга дарз кетади, баъзан эса буткул парчаланади. Шу қўрғонда яшовчи болалар эса ўртада сарсон бўлади. Қўрғон соҳиблари масъулиятли бўлса, фарзандлар руҳиятига салбий таъсир кўрсатмаслик чораларини кўради.

Қиз бола ҳаётида эса онанинг тарбияси, эътибори жуда муҳим саналади. Бир неча йиллик турмуши давомида 3 нафар қиз фарзандли бўлган Назаровлар оиласига бугун дарз кетган. Г.Кудратова, афсуски, ота уйига қайтишига тўғри келган, аммо турмуш ўртоғининг қаттиқ қаршилиги сабаб қизларини олиб кетолмаган. Кўп маротаба уринишлардан сўнг, сўнгги нажот сифатида судга мурожаат қилган.

– Фуқаролик ишлари бўйича Қашқадарё вилоят Чироқчи туман суди қарздор С.Назаровдан вояга етмаган 2014, 2016 ва 2017 йилда туғилган қизларини Г.Кудратованинг тарбиясига олиб бериш тўғрисида қарор чиқарди, – дейди МИБ Чироқчи туман бўлими давлат ижрочиси Шоҳрух Гулмуродов. – Ушбу қарор ижро учун Мажбурий ижро бюроси Чироқчи туман бўлими иш юритувига келиб тушди. Ижро ҳаракатлари давомида давлат ижрочиси томонидан қарздор С.Назаров фарзандларини онаси тарбиясига ихтиёрий равишда топшириши тўғрисида бир неча марта огоҳлантирилган. Лекин қарздор болаларни онасига беришдан бош тортган. Шу сабабли, қизалоқлар бўлим ходимлари томонидан мажбурий тартибда онасига олиб берилди.  

 

Ўлмас Баротов, ЎзА