French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чирчиқда халқаро олимпиада бошланди
18:19 / 2023-05-17

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси ўқув жараёнини таъминлаш базасида МДҲга аъзо давлатлар олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ўртасида ҳарбий-касбий тайёргарлик бўйича ВИИИ халқаро олимпиадаси бошланди.

Очилиш маросимида сўз олганлар олдинда турган баҳсларда жамоаларга муваффақият тилади. Шундан сўнг спортчиларнинг ўзига хос чиқишлари, ҳарбий хизматчилар томонидан намойиш этилган қўл жанги кўринишлари барчага манзур бўлди.  

Ушбу халқаро олимпиада олий ҳарбий таълим муассасалари курсантларининг назарий ва касбий тайёргарлиги асосини ташкил этувчи ўқув фанлари бўйича билим, кўникма ва малакаларини намойиш этишга, олий таълим муассасаларида ўқув жараёни самарадорлигини ошириш, замонавий педагогик технологияларни такомиллаштиришга қаратилган танловдир. Олимпиада ҳарбий кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, уларни илмий ва ижодий қобилиятларини ривожлантириш, таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари малакасини ошириш ва педагогик методикаларини янада ривожлантириш мақсадида ўтказиб келинади.  

[gallery-11911]

Олимпиада қатнашчилари тўрт кун мобайнида “Ўқувда қийин – жангда осон”, “Кимёвий ҳимоя”, “Ориентирлаш”, “Ўт очиб, яксон қилиш”, “Дуел”, “Мерган”, “Армия биатлони”, “Қуролсоз”, “Босиб ўтиш”, “Йўлак” каби мусобақаларда ўз билим ва маҳоратларини синовдан ўтказади. Шунингдек, улар 500 метрлик махсус тўсиқлар йўлагидан ўтиб, халқаро гуманитар ҳуқуқ бўйича ўз билимларини ҳамда тиббий тайёргарлик бўйича кўникмаларини намойиш этади.  

Олимпиада мусобақалари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси ўқув жараёнини таъминлаш базаси, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ўқув ва моддий-техник базаси ҳамда Тошкент ҳарбий округининг “Чирчиқ” умумқўшин полигонида ўтказилмоқда.  

А.МУСАЕВ, Д.ЭРНАЗАРОВ (сурат), ЎзА