Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида инвестиция дастури асосида қурилиши якунланган 9 қаватли 1 минг 100 ўринга мўлжалланган 3-сонли талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Спортни ривожлантириш вазири А.Икрамов, Чирчиқ шаҳар ҳокими Д.Ҳидоятов, олийгоҳ ректори М.Болтабаев, фахрий меҳмонлар, университет профессор-ўқитувчилари ва талабалар қатнашди.


Қайд этилганидек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги “Республика олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида талабаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга қулай шароитларда таълим олишини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда.
Меҳмонлар талабалар турар жойида яратилган шароитлар билан танишди. Таъкидлаш керакки, бугунги кунда Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида умумий ҳисобда 13 минг нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Табиийки уларнинг ўқиши ва яшаши учун қулай шароит яратиб бериш бирламчи вазифа ҳисобланади. Замонавий лойиҳа асосида қад ростлаган мазкур 9 қаватли талабалар турар жойида Инвестиция дастури асосида 68 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилди. Жумладан, талабалар турар жойи зарур мебель жиҳозлари, музлаткич, кир ювиш машиналари, электр плиталар ва телевизорлар билан жиҳозланди.


Шунингдек, университетда 2018-2021 йиллар давомида Инвестиция дастури асосида 260 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилиб, замон талабларига жавоб берадиган 2 минг 300 ўринли 3 та ўқув биноси, талабалар маданият саройи, бадиий гимнастика ва кураш спорт заллари биноси таъмирдан чиқарилиб, 540 ўринли 2 та талабалар турар-жойи биноси янгидан қурилиб, ишга туширилган. Ўз навбатида талабалар ўртасида турли жиноятчиликларнинг олдини олиш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ҳуқуқий тарғибот маскани ҳам ташкил этилган.
Бундан ташқари, замонавий ахборот технологиялари, компьютер хоналари, ахборот-ресурс маркази, ўқув ва беш ташаббус хоналари, турли тўгараклар, дам олиш, овқатланиш ва ювиниш хоналари талабалар ихтиёрида.




А.Мусаев,ЎзА.