Чирчиқ кимё-индустриал технопаркида Ўзбекистон ва Россия ишбилармонларининг бизнес-форуми ўтказилди. “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда Татаристон Республикаси бош вазирининг ўринбосари, саноат ва савдо вазири Олег Коробченко, Чирчиқ шаҳар ҳокими Даврон Ҳидоятов, Татаристон савдо-саноат палатаси раиси Шамиль Агеев,"Химград" АЖ бош директори Айрат Гиззатуллин ва россиялик 30 нафар тадбиркор қатнашди.
Бизнес-форум иштирокчилари технопарк ва бу ердаги саноат тармоқлари фаолияти билан танишди. Аслида бундай технопарк мамлакатимизда иккита бўлиб, бири Чирчиқда, иккинчиси Жиззахда фаолият олиб боради.
– Ўтган йилнинг 23 март куни Татаристон Республикаси билан ҳамкорликда очилган мазкур технопаркда 10,2 миллион доллар қийматдаги 5 та корхона ишга туширилган, – дейди “Чирчиқ кимё-индустриал технопарки” дирекцияси директори Жаҳонгир Абдураҳмонов. – Йил охиригача яна 10 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. 2025 йилгача “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан ҳамкорлар билан биргаликда жами 34 та саноат тармоғини ишга тушириш мақсад қилинган. Бунинг натижасида 2 мингдан ортиқ иш ўрни яратилади.
Хусусан, “Rhodium polimer” МЧЖда Марказий Осиёдаги ягона кўпиклантирилган полипропилен ишлаб чиқарилади. Кореялик ишбилармонлар билан биргаликда ташкил этилган бу корхонада йилига 2 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 2 миллион доллар миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинади. Кўпиклантирилган полипропилен юмшоқ ва ёпиқ тешикларга эга полиолефинларга асосланган полимерларнинг бир туридир. У автомобилнинг ҳимоя кўрсаткичларини яхшилаш, вазнини енгиллаштириш учун юқори самарали маҳсулот ҳисобланади. Ҳозир ундан Ўзбекистон автосаноатида бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш учун асосий хомашё сифатида фойдаланилади.
Шунингдек, бу маҳсулот компьютер, шамоллатиш ускуналари, тиббий асбоблар учун корпуслар тайёрлаш ҳамда қурилишда ишлатилади. Заводнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 2000 тоннани ташкил этади. Президентимизнинг 2022 йил 2 февралдаги “Тошкент вилоятида “Чирчиқ” кимё-индустриал технопаркини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан амалга оширилган бу саъй-ҳаракатлар ҳудудда қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилайди. Шу билан бирга, ички ва ташқи бозорларга рақобатбардош маҳсулотларни етказиб беришга имкон яратади.
[gallery-14080]
“Чирчиқ” технопарки ҳудуди 39 гектарни, ишлаб чиқариш биноларининг умумий майдони 190 минг квадрат метрни ташкил этади. Иккинчи технопаркда тайёр ишлаб чиқариш бинолари мавжуд. Бу ерда ҳар қандай ер участкаси ва бино яқинида электр таъминоти тармоқларига уланиш нуқталари бўлган ривожланган муҳандислик инфратузилмаси барпо этилган. Ушбу ғоя Татаристон Республикасининг “Химград” технополисидан олинган. Ҳудуд профессионал бошқарув компанияси томонидан назорат қилинади. Унинг иши “бир дарча” тамойили асосида ташкил этилган. Технопаркни яратиш бўйича ишлар “Химград” технополиси томонидан “Ўзкимёсаноат” АЖ билан ҳамкорлик доирасида ҳамда Татаристон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматларининг бевосита кўмагида амалга оширилмоқда.
Тадбир давомида хорижий инвесторлар учун тақдимотлар, соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича музокаралар олиб борилди. Россиялик тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
А.Мусаев, Д.Эрназаров (сурат),
ЎзА мухбирлари.