French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чирчиқ – Янги Ўзбекистон қиёфасидаги намунавий шаҳар бўлади
15:38 / 2025-10-20

Қарор ва ижро

Президентимизнинг 2025 йил 8 октябрдаги “Алоҳида туман (шаҳар) ва маҳаллаларни аҳоли яшаши ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунавий ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан мамлакатимиздаги 33 та туман ва шаҳар “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)”га айланади. 

Улар орасида Тошкент вилоятидаги 4 та ҳудуд, жумладан, Чирчиқ шаҳри ҳам бор. Шу муносабат билан Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ҳудуд фаоллари билан мулоқот ўтказди.  Унда шаҳарни “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги шаҳар” сифатида ривожлантириш бўйича устувор вазифалар, инвестиция лойиҳалари, мастер-режалар ишлаб чиқиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли фаровонлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди. 

Вилоят ҳокими ҳудудларни жадал ривожлантиришда мутлақо янги ва ҳаётбахш тажриба бўлган мазкур ташаббуснинг аҳамиятини таъкидлаб, Чирчиқ шаҳрининг саноат ва илмий салоҳияти, қулай географик жойлашуви ҳамда таълим ва маданият соҳаларидаги улкан имкониятларини қайд этди. Шунингдек, шаҳарни замонавий инфратузилма, қулай яшаш муҳити ва янги иш ўринлари яратиш орқали намунавий ҳудудга айлантириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. 

Тадбирда Чирчиқ шаҳар ҳокими ҳам сўзга чиқиб, давлат раҳбари қарори ижросини таъминлаш бўйича режалаштирилаётган ишлар, лойиҳалар ва амалий чора-тадбирлар ҳақида ахборот берди. Хусусан, шаҳарда аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, тадбиркорлик фаолияти учун қулай муҳит яратиш, йўл-транспорт, сув ва энергетика тизимларини модернизация қилиш, яшил ҳудудларни кўпайтириш ҳамда “Янги Ўзбекистон қиёфаси”га мос шаҳарсозлик лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилгани таъкидланди. 

Эътиборлиси, мазкур қарор бўйича Чирчиқ шаҳрига алоҳида маблағ ажратилиб, у юқоридаги мақсадлар учун йўналтирилади. Якунда масъул ташкилотлар ва раҳбарларга белгиланган вазифаларни сифатли ҳамда ўз вақтида бажариш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди. 

А.Мусаев, ЎзА.