Энергетика тармоғида ресурслардан қонуний ва самарали фойдаланишни таъминлаш мамлакатда барқарор электр таъминотини шакллантиришнинг устувор йўналишидир.
Шу мақсадда “Ўзэнергоинспекция” томонидан ҳудудларда мунтазам ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида электр тармоқларига ноқонуний уланиш, ҳисоблагичларни четлаб ўтиш ва энергия ресурсларидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш каби қоидабузарликлар аниқланиб, улар бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.
Инспекция ахборот хизматининг хабар беришича, ўтказилаётган кенг қамровли назорат ишлари доирасида Чирчиқ ва Андижон шаҳарларида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ йирик қоидабузарликлар фош этилди. Хусусан, “Ўзэнергоинспекция” республика ишчи гуруҳининг Тошкент вилоятида ўтказган тадбирлари давомида Чирчиқ шаҳрида жойлашган “H.G.M.” МЧЖга қарашли бинода ҳисоблагичдан четлаб ўтган ҳолда тармоққа уланиб, 685,9 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани маълум бўлди. Шунингдек, шу ҳудуддаги “Ch.Y.N.S.” МЧЖга тегишли объектда ҳам ўхшаш тарзда ўзбошимчалик билан тармоққа уланган ҳолат аниқланиб, 565,6 миллион сўмлик зарар келтирилгани қайд этилди.
Шунга ўхшаш ҳолат Андижон шаҳрида ҳам кузатилди. Вилоят ҳудудий бошқарма томонидан ўтказилган назорат тадбири чоғида “B.U.M.” МЧЖга қарашли маиший хизмат кўрсатиш объектида ҳисоблагичдан ташқари тармоққа уланиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати фош этилди. Электр таъминоти корхонасининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, мазкур қоидабузарлик натижасида 1 миллиард 454 миллион сўмлик зарар келтирилган.
Ҳар уч ҳолат бўйича ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Инспекция томонидан эса келгусида бундай қоидабузарликларнинг олдини олиш мақсадида назорат чоралари янада кучайтирилмоқда.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА