Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида жойлашган “Чирчиқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости янги маъмурий бинода ўз фаолиятини бошлади.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов, соҳа мутахассислари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Божхона органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, самарадорлигини ошириш, “рақамли божхона” тизимини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди. Мазкур вазифаларни ўз вақтида, сифатли ва тўлақонли амалга ошириш, энг аввало, тадбиркорларга сифатли божхона хизматини кўрсатиш эса муносиб шароитлар яратишни тақозо этади.
Эндиликда бу ерда Чирчиқ шаҳри, Қибрай, Бўстонлиқ, Юқори Чирчиқ ва Паркент туманларидаги ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг темир йўл ва юк автотранспорт воситаларида ташилаётган экспорт ва импорт тартибидаги товарлари божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказилади.
Тадбир доирасида “Чирчиқ” логистика марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Чирчиқ логистика маркази “Тошкент – Бўстонлиқ” катта магистрал автомобиль йўли бўйида жойлашгани тадбиркорларга ўзига хос қулайликни тақдим қилади. Яна бир аҳамиятли жиҳати, бу ерда товарларнинг экспорти ва импортини амалга оширишда рухсат бериш ҳужжатларини тақдим қилувчи ваколатли органларнинг вакиллари ҳам хизмат олиб боришади.
Президентимизнинг жорий йил 6 июндаги фармони билан тасдиқланган 2020-2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш концепциясида мавжуд куч ва воситаларни оптимал қўллаган ҳолда божхона органлари фаолияти ва инфратузилма объектларининг институционал асосларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Ҳудуддаги янги логистика маркази ва божхона постининг фаолияти ҳудуддаги ташқи иқтисодий фаолият, айниқса, экспортнинг жадаллашувига хизмат қилади.
Тадбир иштирокчилари бу ерда яратилган шароитлар билан танишди.