Чирчиқ шаҳридаги вилоят Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида Корея Республикасининг Сеул миллий университети стоматологик клиникаси мутахассислари иштирокида хайрия тиббий кўриги ташкил этилди.
Жараёнда “лаб ва танглай ёриғи” (қуён лаб ва бўри танглай) ташхиси билан Тошкент вилоятида истиқомат қилаётган болалар кўрикдан ўтказилди. Саралаб олинган болаларда жорий йилнинг апрель ойида шу ернинг ўзида жарроҳлик амалиётлари ўтказилиши режалаштирилган.

Мазкур хайрия акцияси 2021 йилда уч томонлама имзоланган меморандум асосида, ҳар йили 50–60 нафар бола тиббий кўрикдан ўтказилади. Шу кунга қадар кореялик мутахассислар томонидан 150 нафарга яқин болада муваффақиятли жарроҳлик амалиётлари ўтказилган.
– Тиббиёт ходими сифатида таъкидлаш жоизки, ҳомиладорликнинг эрта муддатларида ўтказилган ўткир респиратор касалликлар ҳамда турли юқумли касалликлар натижасида чақалоқларда, асосан, лаб ва танглай нуқсонлари билан туғилиш ҳолатлари кузатилади. Бу каби муаммолар бўйича нафақат Тошкент вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида жарроҳлик амалиётлари ўтказилади, балки юқори технологик ва мураккаб амалиётларда Жанубий Корея университети мутахассисларининг ёрдамидан фойдаланамиз, – дейди Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Феруза Раҳматуллаева.
А.Мусаев, ЎзА