Чирчиқ шаҳрида “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонлари асосида бунёдкорлик ишлари олиб борилган Ёшлик маҳалласи фойдаланишга топширилди. Тадбирда Президент маслаҳатчиси ўринбосари Пўлат Бобожонов, Республика ишчи гуруҳи аъзолари, Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши раиси Сайёра Файзиева, Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Шукурулло Маҳмудов, Чирчиқ шаҳар ҳокими Муроджон Абдураҳимов, шунингдек, маҳалла нуронийлари ва фаоллари иштирок этди.
Шу пайтга қадар оғир тоифадаги маҳаллалар қаторида бўлган ушбу ҳудудда инфратузилма тўлиқ яхшиланиб, 15 та кўп қаватли уйларнинг фасад ва томлари, ойна ромлари, кириш йўлаклари, ертўлалар таъмирланди. Жойларда электрон кодли қулфлар ўрнатилди, деворларга миллий расмлар чизилди. Тадбир иштирокчилари яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Масъуллар ҳудуд аҳолиси билан суҳбат қилди.


– Амалга оширилган ишлар аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш ва ҳудудни янада обод қилишга хизмат қилади, – дейди Ёшлик маҳалла раиси Зулфия Қодирова. – Ҳудудимизда янги кутубхона, 2 та болалар майдончаси, “Workout” майдончаси барпо этилди, спорт анжомлари ва ўриндиқлар ўрнатилди. Гузарда алломалар ва жадидларнинг ҳикматли сўзлари акс этган 30 та стенд жойлаштирилди, маҳалланинг кириш қисмида арка (стелла) ўрнатилди ва дизайн асосида ландшафтлар ташкил этилди.


Шунингдек, ҳудудда 200 метр газ қувурлари бўялди, 650 метр электр тармоқлари тартибга келтирилди, 800 тонна тупроқ ва 1 минг 700 метр квадрат газон ёйилди. Шу билан бирга, 2 минг 800 метр квадрат йўлаклар бетонлаштирилди, 210 метр ирригация тизими қурилди, 3 километрдан ортиқ кўчага асфальт ётқизилди.
Бундан ташқари, жойларда 6 та қудуқ қурилди ва 3 минг 300 метр ирригация тармоқлари ўрнатилиб, суғориш тизими ташкил этилди, 17 та видеокамера ва 20 та тунги ёритгичлар ўрнатилди. Жами 12 минг 530 туп манзарали ва мевали дарахт ҳамда бута кўчатлари экилди. Эътиборлиси, энди бу маҳалла ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга ҳам айлантирилди.


А.Мусаев,ЎзА.