Қарор ва ижро
Жорий йилнинг 23 март куни Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида "Чирчиқ” кимё-индустриал технопаркининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтган эди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Татаристон Республикаси Президенти Рустам Минниханов ҳамда икки давлат вазирлик, идора ва ташкилотлари раҳбарлари, кимё ва нефть-кимё саноати вакиллари, тадбиркорлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилган ушбу тадбир келажакда амалга ошириладиган улкан ишларнинг илк қадами бўлиб хизмат қилмоқда.
Хўш, ўтган олти ойда технопаркда қандай ишлар бажарилди? Қандай лойиҳалар татбиқ этилмоқда?
“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган пресс-турда ушбу саволларга мутахассислардан жавоб олдик.
Дастлаб иштирокчиларга “Чирчиқ” кимё-индустриал технопарки дирекцияси ва “Чирчиқ” кимё-индустриал технопарки бошқарув компанияси масъуллари томонидан ушбу йирик объектнинг қурилиши ва ишга туширилиш жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Унда Президентимизнинг 2022 йил 3 февралдаги "Тошкент вилоятида "Чирчиқ" кимё-индустриал технопаркини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ амалга оширилган ушбу эзгу ишлар ҳудудда қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиш, минерал хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш, ички ва ташқи бозорларга рақобатбардош маҳсулотларни етказиб беришда муҳим экани алоҳида таъкидланди.
“Чирчиқ” кимё-индустриал технопарки дирекцияси директори Жаҳонгир Абдураҳмоновнинг маълум қилишича, “Ўзкимёсаноат” АЖ қошида ташкил этилган “Чирчиқ” кимё-индустриал технопарки дирекцияси ушбу технопаркда қурилиш-монтаж ишларида буюртмачи вазифасини бажариш ва келгусида бино-иншоотларни балансда сақловчи ҳамда мазкур бино-иншоотларга хизмат кўрсатувчи сифатида фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, “Чирчиқ” кимё-индустриал технопарки бошқарув компанияси фаолияти “Ўзкимёсаноат” АЖ ва “Химград” АЖларнинг (Татаристон Республикаси) кузатув кенгаши қарорларига асосан йўлга қўйилди. Бугунги кунда мазкур компания технопарк инвестиция фаолиятини бошқариш, инвестиция лойиҳаларни танлаб олиш, резидентлар билан ўзаро муносабат ўрнатувчи, уларга “ягона дарча” тамойили асосида маркетинг, PR ва GR хизматларини кўрсатиш билан шуғулланмоқда.
[gallery-8971]
–“Чирчиқ” кимё-индустриал технопарки ҳудуди 29,02 гектарни ташкил этади. Учта майдонга бўлинган мазкур технопаркда қурилиш-монтаж ишлари босқичма-босқич объектлар кесимида ташкил этилган. Технопарк фаолияти қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиш, ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини йўл қўйишда ҳар томонлама кўмак бериш билан боғлиқдир. Шу сабабли, айни пайтда 6 та лойиҳани татбиқ этиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Албатта, бу ишларни ташкил қилиш аввалида Маъмурий кенгаш ушбу лойиҳаларни ҳар жиҳатдан ўрганиб ва таҳлил қилиб чиқди ва тегишли қарори қабул қилди.
“RHODIUM POLIMER” масъулияти чекланган жамияти улардан биридир. У кўпиклантирилган полипропилен ҳамда ундан маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳаси бўлиб, қиймати 3,28 миллион АҚШ долларни ташкил этади. “Красцветмет Ташкент” МЧЖ қўшма корхонаси нитрат ва синил кислотасини ишлаб чиқариш учун платина гуруҳи металларидан каталитик тизимларни ишлаб чиқариш лойиҳасини татбиқ этади. Шунингдек, яна тўртта лойиҳа ҳам ишлаб чиқариш, янги иш ўринлари ва иқтисодий имкониятларни яратишда жуда фойдали. Айни чоғда яна 6 та потенциал резидентларнинг лойиҳаларини технопаркда жойлаштириш бўйича ҳужжатлар ўрганилмоқда.
“RHODIUM POLIMER” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Дилшодбек Аҳмедов “Чирчиқ” кимё-индустриал технопаркидан лойиҳа учун жой ажратилганидан ва жой учун режалаштирган маблағни иккинчи лойиҳага сарфлаётганидан мамнун эканини пресс-тур иштирокчиларига сўзлаб берди.
– “Чирчиқ” кимё-индустриал технопаркида кўпиклантирилган полипропилен ишлаб чиқарадиган корхона фаолиятини йўлга қўйдик, – деди “RHODIUM POLIMER” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Дилшодбек Аҳмедов. – Корхонага шундай замонавий мажмуадан жой ажратилгани биз учун жуда қулай бўлди. Лойиҳани Корея Республикаси ишбилармонлари билан биргаликда амалга оширяпмиз. Маҳсулотимиз кўпиклантирилган полипропилен бўлиб, Марказий Осиё бўйича биз илк бор уни ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Маҳсулотни ишлаб чиқариш импортни қисқартириш, экспорт ҳажмини ошириш ва янги маҳсулотларни ишлаб чиқаришда қўл келади. Кўпиклантирилган полипропилен автомашина ишлаб чиқаришда ишлатилади. Ҳозирги кунда линиямиз тўлиқ ишга туширилган. Ушбу лойиҳа асосида 30 нафардан зиёд фуқаро иш билан таъминланди. Иккинчи лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, жами 100 та иш ўрни яратилади.
Технопаркда ўз лойиҳасини амалга ошираётган тадбиркорлар ва инвесторлар учун бир қатор имтиёзлар берилган. Иштирокчиларга маълумот берилишича, технопарк ҳудудида махсус иқтисодий зоналар учун алоҳида солиқ, божхона ва валюта тартиблари белгиланган. Яъни, фойда, ер ва мулк солиғидан, божхона тўловларидан (ҚҚС ва божхона йиғимидан ташқари) озод қилинади. ҚҚС тўловини 120 кун кечиктириб тўланади. Шунингдек, технопарк иштирокчилари учун лойиҳаларини амалга ошириш доирасида бериладиган банк кредитлари суммасининг 50 фоизигача кафилликлар, кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсациялар (Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, бироқ 5 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда) молиявий имтиёзлар тақдим этилади.
Иштирокчилар “Чирчиқ” кимё-индустриал технопарки фаолиятини ўрганиш чоғида лойиҳалар татбиқ этилган ва лойиҳалар учун мўлжалланган объектлар ва маъмурий биноларда бўлиб, у ердаги замонавий ва қулай шароитлар билан яқиндан танишди.
Пресс-тур доирасида тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситаси вакиллари учун матбуот анжумани ҳам ташкил этилди. Унда технопаркда тадбиркорлар учун яратилаётган имкониятлар, инвестиция лойиҳалари бўйича аризаларни кўриб чиқиш ва ушбу лойиҳаларни жойлаштириш тартиблари ҳақида фикр алмашилди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири