Табиат – барчамизга тегишли бойлик. Унинг қонуний муҳофазаси — келажак авлодлар олдидаги масъулиятимиздир. Афсуски, айрим ҳолларда табиат ресурсларидан шахсий манфаатлари йўлида ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари учрамоқда.
Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман судида “Г.С.” МЧЖ раҳбари С.И.нинг иши кўриб чиқилиб, унга нисбатан қонунга мувофиқ қатъий чора кўрилган.
Маълумотларга кўра, 2024 йил 6 ноябрдан 7 ноябрга ўтар кечаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, вилоят прокуратураси ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан олиб борилган навбатдаги рейд тадбири давомида Чирчиқ дарёси муҳофаза ҳудудидан қум-шағал аралашмаси ноқонуний қазиб олинаётгани аниқланган.
Текширув натижасида қазиб олинган норуда материаллар “Г.С.” МЧЖга тегишли тош майдалаш цехига етказиб берилаётгани маълум бўлган. Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур фаолият табиатга катта зарар етказган.
Суд ҳукмига мувофиқ, С.И. Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилиб, жазони умумий тартибдаги колонияларда ўташи белгиланган. Шунингдек, давлат фойдасига катта миқдорда зарар ва жарима ундирилиши белгиланган.
Маълумот учун, 2024 йил 1 майдан Чирчиқ дарёси ўзанида норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилинган. Экология вазирлиги ўз ахборот тармоқлари орқали барча хўжалик субъектларини табиатни муҳофаза қилиш бўйича белгиланган қонунларга қатъий риоя этишга чақириб, бу талабларни бузиш экологик ва жиноий жавобгарликка олиб келиши ҳақида яна бир бор огоҳлантирмоқда.
М.Эшмирзаева,
ЎзА