Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда бир йилда 14-14,5 миллион тонна маиший чиқиндилар ҳосил бўлади. Агар аҳолининг ўртача 1,5 фоизга кўпайиш суръати ҳисобга олинса, ушбу кўрсаткич 2028 йилга келиб 16-16,7 миллион тоннага етиши, саноат чиқиндилари эса 100 миллион тоннадан ошиши тахмин қилинмоқда.
Хўш, Фарғона вилоятида чиқиндини қайта ишлаш, уни йўқотиш ёки ундан иккиламчи маҳсулот ишлаб чиқариш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда? Бу ҳақида “Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси” давлат муассасаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси мутахассиси Соҳибжон Дадахўжаев билан суҳбатлашдик.

–Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 январдаги “Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони соҳа фаолиятини самарали ташкил этиш ҳамда чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш механизмини яратиб берди, – дейди Соҳибжон Дадахўжаев. – Мазкур фармон доирасида ҳудудларни санитар тозалаш бўйича кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш, маиший чиқиндиларни тўплаш ва ҳудудлардан олиб чиқиш соҳасига тадбиркорлик субъектларини фаол жалб қилиш, аҳолининг маиший чиқиндилар билан боғлиқ хизматлар сифатидан тўлиқ қониқишини таъминлаш, ушбу хизматлар даражасини халқаро стандартларга етказиш ва тадбиркорлар учун жозибадорлигини таъминлаш, ҳосил бўлаётган чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини кескин ошириш, чиқиндиларнинг полигонларда тўпланишининг олдини олиш, атроф-муҳитга етказилаётган салбий таъсирни минималлаштириш, айланма (циркуляр) иқтисодиётни ривожлантириш бўйича изчил чора-тадбирларни амалга ошириш мақсад қилинган.

Фармон асосида 2024-2026 йилларда республика ҳудудида қаттиқ маиший чиқиндилар билан ишларни амалга ошириш манзилли дастури ишлаб чиқилди. Ўтган 2024 йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Фарғона, Хоразм ва Тошкент вилоятларининг жами 81,2 гектар ер майдонидаги 29 та қаттиқ маиший чиқинди полигони рекультивация қилиниб, санитария талаблари асосида тупроқ қатлами билан ёпилди.
Манзилли дастурга асосан Фарғона вилоятида ўтган 2024 йилда 2 та полигон рекультивация қилиниб, тупроқ билан ёпиш ишлари “Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси” давлат муассасаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан тўлиқ ва сифатли амалга оширилди. Жорий йилда 5 та шундай полигон рекультивация қилиниши кўзда тутилган. Шу билан бирга, 2026 йилда Фарғона туманида жойлашган Фарғона шаҳри полигони ер майдонида замонавий талаблар асосида намунавий полигон ташкил этиш режалаштирилган.

Чиқинди полигонларининг санитария талаблари ва экологик меъёрларга мос эмаслиги ер майдонларининг заҳарланиши ва генофонди бузилиши, ёнғин хавфи, атмосферага иссиқхона газлари чиқиши ортиб боришига сабаб бўлади. Бу каби салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида 2019 - 2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси ишлаб чиқилди.
Шунингдек, замонавий талабларга жавоб берувчи чиқинди полигонлари ташкил этиш мақсадидан келиб чиқиб, 2025 йил 24 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасини янада такомиллаштириш ҳамда комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Мавжуд қаттиқ маиший чиқинди полигонлари билан боғлиқ вазиятни тубдан яхшилаш, уларни 2030 йилгача 50 фоизга қисқартириш; янгидан ҳосил бўлаётган чиқиндиларни полигонларга йўналтирмасдан, максимал даражада қайта ишлаш ёки куйдириш, соҳага циркуляр иқтисодиёт амалиётини жорий қилиш; “ноль чиқинди” тизими доирасида тамойили асосида маиший чиқиндиларни шаҳарлардан олиб чиқиш ва қайта ишлаш, улардан экологик тоза энергия ва бошқа маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган зоналарни ташкил этиш каби асосий йўналишлар фармонда ўз аксини топган.
Жорий йилда қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича ҳам Президент қарорлари қабул қилинганини қайд этиш лозим. Муҳим ҳужжатларга кўра, ҳудудларда экологик вазиятни яхшилаш, чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасига замонавий ечимлар ва технологияларни жорий этиш орқали электр энергияси ишлаб чиқарилади ҳамда соҳага тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этилади.
Электр энергиясини сотиб олиш ва қаттиқ маиший чиқиндиларни етказиб бериш тўғрисидаги битимларга мувофиқ, лойиҳа компаниялари ишлаб чиқарилган электр энергиясини 30 йил давомида “Ўзэнергосотиш” АЖга кафолатланган тарзда сотиши белгиланган. Жумладан, инвестор ва лойиҳа компаниялари 2025–2027 йилларда турли хил миқдорлардаги ишлаб чиқариш қувватига эга ускуналарни ишга туширишни таъминлаши кўрсатиб ўтилган. Бу лойиҳа диорасида Фарғона вилоятида 1,5 минг тонна чиқиндиларни термик усулда қайта ишлаш орқали 227,5 миллион кВт электр энергияси қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган. Бу ислоҳотларни амалга оширилиши келгусида аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилади.
Маълумки, мамлакатимизда яшил табиатни асраш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган “Яшил макон” умумиллий дастури асосида юртимизнинг ҳар бир ҳудудида ёшу катта дарахт экишга, табиатга, атроф-муҳитга, экологияга наф келтирмоқда.
Республика бўйлаб 112 та чиқинди полигони атрофига 170 мингга яқин дарахт ва бута кўчатлари экилиб, "яшил белбоғ"лар ташкил этилди. Хусусан, “Чиқинди полигонларни бошқариш дирекцияси” ДМ Фарғона вилоят бошқармаси ҳам ушбу дастур бўйича вилоятдаги барча мавжуд чиқинди полигонлари ҳудудида терак ва тут кўчатларидан иборат 24 минг туп дарахт экиб, "Яшил макон” умуммиллий дастурига ўз ҳиссасини қўшди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги бу каби чора-тадбирлар юртимизда экологик тозалик ва яшилликни оширишига шак-шубҳа йўқ.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА