Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди. Хусусан, дастлаб экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ҳамда мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кенгайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси билан дарё ўзанларида норуда материалларни ноқонуний қазиб олиш, сув ресурсларини ифлослантириш, дарахт ва буталарни ғайриқонуний кесиш ёки йўқ қилиш, ифлослантирувчи моддаларни белгиланган меъёрдан ортиқ миқдорда атмосфера ҳавосига чиқариш, қурилиш майдонларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этмаслик, шунингдек, ёқиш учун мўлжалланмаган жойларда ёки қурилмаларда ёқилғи, моддалар ва чиқиндиларни ёқиш ҳолатлари учун юридик шахсларга нисбатан молиявий санкциялар жорий этилиши белгиланмоқда.


Шу билан бирга, иссиқхоналарда, ишлаб чиқариш биноларида ёки ёндириш ускуналарида шиналар, битум, мазут, плёнка, синтетик картон, резина, жун толаси ва шунга ўхшаш зарарли компонентларни ўз ичига олган чиқиндиларни ёқиш ҳам маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.
Муҳокамаларда депутатлар лойиҳадаги айрим нормалар бўйича бир қатор саволларни ўртага ташлаб, тегишли жавобларни олдилар. Таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши атроф-муҳит муҳофазасини кучайтириш, ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш ҳамда инсон саломатлигига салбий таъсир қилувчи омилларни камайтиришига хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА