Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чиқиндиларни тўғри бошқариш – барқарор экологик муҳитни таъминлаш гарови
12:30 / 2026-01-12

Чиқиндиларни тўғри бошқариш жамият олдида турган энг долзарб экологик масалалардан бири. Аҳоли сони ўсиши, саноат ва хизматлар соҳасининг жадал ривожланиши натижасида чиқиндилар ҳажми ҳам ортиб бормоқда. Уларни назоратсиз ташлаш, сараламаслик ва қайта ишламаслик атроф-муҳит ифлосланиши, инсон саломатлигига хавф туғилиши ҳамда табиий ресурсларнинг исроф бўлишига сабаб бўлмоқда.

Шу боис, чиқиндиларни тўғри йиғиш, саралаш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш тизимини йўлга қўйиш барқарор ривожланишнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Бу нафақат экологик муаммоларни камайтиради, балки иқтисодий самарадорликни ошириш ва келажак авлод учун соф муҳитни сақлаб қолишга хизмат қилади.

Хўш, ўтган 2025 йилда бу борада қандай амалий ишлар қилинди?

2025 йилда 15,1 миллион тонна маиший чиқинди ҳосил бўлган. Чиқиндиларни бошқариш ва циркульяр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга асосан ўтган вақт мобайнида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилиб, абонентлар ва тўловлар ҳисобини юритиш ҳамда электрон тўлов тизимларини такомиллаштириш мақсадида “Тоза макон” ягона электрон биллинг тизими узлуксиз ишга туширилди. Бундан ташқари  20 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари лойиҳалари ишлаб чиқилиб, улар амалда жорий этилмоқда.

Қайд этилишича, 2025 йил 1 декабрь ҳолатида 2024 йилнинг шу даврига нисбатан тушум 9 фоизга ошган. Кўрсатилган хизматлардан аҳолининг дебитор қарздорлиги 622,7 миллиард сўмни ташкил этган. Ҳақиқатда кўрсатилмаган хизматлар учун ҳисобланган 211,9 миллиард сўм нореал дебитор қарздорликлар электрон тизимдан чиқарилган. Мавжуд 9 минг 452 та маҳаллада яшовчи 37,5 миллион нафар аҳолининг маҳалла бўйича 8 минг 105 таси (87%), аҳоли бўйича 23,9 миллион нафари (64%) хизматлар билан қамраб олинган. Биллинг тизимидаги мавжуд 7,3 миллион абонент сонига нисбатан жисмоний шахсларнинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) бўйича 91,6 фоиз, кадастр рақами бўйича 98,1 фоиз абонентлар ушбу тизимга киритилган. СМС хабарнома юборилганидан сўнг қарздорлик бартараф этилмаган тақдирда, электр энергияси учун тўловларни вақтинчалик қабул қилишни чеклаш амалиёти жорий этилган. 

Заҳарли-кимёвий, электрон, тиббиёт ва токсик чиқиндиларни бошқариш бўйича Бўстонлиқ тумани “Яккатут” МФЙ ҳудудидаги заҳарли-кимёвий полигонда 40 минг тоннадан ортиқ маргимуш моддалари кўмилгани аниқланиб, дастлабки техник ва экологик таҳлиллар ўтказилган. Ҳозирги кунда ушбу ҳудудда атроф-муҳит хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Наманган вилоятидаги “Чоркесар” ва Тошкент вилоятидаги “Янгиобод” собиқ уран конларида Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг 9 миллион евро гранти ҳисобидан рекультивация ишлари амалга оширилиб, ҳудудлар хавфсиз ҳолатга келтирилди. Шунингдек, республикада хавфли саноат чиқиндиларини бошқариш ҳолати ўрганилиб, таклифлар ишлаб чиқилди.

Андижон, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятларида (“China CAMC Engineering Co., Ltd.”, “Shanghai Sus Environment Co. Ltd.” ва “Everbright Environmental Protection Ltd.”) хорижий инвестиция маблағлари ҳисобига лойиҳалар йўлга қўйилди. Бугунги кунда заводларни қуриш ишлари бошланган бўлиб, ҳозиргача 152,2 миллион доллар маблағ ўзлаштирилган. АҚШнинг “Sayar” компанияси билан йилига 96 минг тиббиёт чиқиндисини ёқиш ҳисобига 320 ГВт иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш бўйича 115 миллион долларлик лойиҳа ҳам амалга оширилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, лойиҳанинг биринчи босқичида Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази ва Тошкент тиббиёт институтида йилига 6 минг тонна чиқиндини ёқиш орқали 20 ГВт иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш тизими жорий этилди. Бухоро ва Самарқанд вилоятларининг шошилинч тиббий ёрдам шифохонасида қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Лойиҳанинг иккинчи босқичида 2026 – 2030 йилларда қолган ҳудудларда йилига 90 минг тонна чиқиндини ёқиш орқали 300 ГВт иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади. Жанубий Кореянинг “Sejin UZ”  МЧЖ ХК амалга ошираётган лойиҳа бўйича “Оҳангарон” полигонида қурилишни амалга оширишга берилган рухсатнома ва экологик хулоса асосида бугунги кунгача 253 та скважина қазилиб, қувурлар жойланди.

Агентлик ҳамда “Vision International Investment” (Саудия Арабистони) ҳамда “SUEZ International” (Франция) компаниялари билан хавфли саноат чиқиндиларини бошқариш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди. Лойиҳанинг умумий қиймати 78 миллион доллар бўлиб, чиқиндиларни бошқариш ва полигонларга жойлаштириш мажмуаларини яратиш ҳамда чиқиндидан тўлиқ ёқилғи олиш иншоотини барпо этиш ва ишга тушириш мақсад қилинган. Лойиҳани амалга ошириш учун Жиззах ва Навоий вилоятларидан ер таклиф этилиб, ташкилий чоралар кўрилмоқда.

Япониянинг “Le One” компанияси билан Тошкент вилоятида 7,3 миллион долларлик йилига 1 минг тонна озиқ-овқат чиқиндиларидан ушбу компаниянинг илғор технологияси асосида 76 минг куб метр биогаз олишга мўлжалланган пилот-тажриба лойиҳасини амалга ошириш битими имзоланди. Лойиҳа биогаздан муқобил энергия манбаи сифатида фойдаланиш орқали атроф-муҳитга етказиладиган зарар камайтирилиб, чиқиндиларни бошқаришнинг энергия тежамкор моделини яратади. Жаҳон банки билан ҳамкорликда “Қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш тизимини тезкор баҳолаш” (Solid Waste Management Sector Rapid Assessment Mission) лойиҳаси амалга оширилмоқда. 

Пластик чиқиндиларга қарши курашиш мақсадида эса 1,8 миллион тонна пластик чиқиндиларни йиғиш учун Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида фандоматлар ўрнатиш бошланди. Бугунги кунда “Tomra” компанияси билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида дастлабки фандомат ўрнатилди. Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий, Жиззах, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида жами чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқарувчи 4 та завод қурилиши бўйича келишувга эришилди. Лойиҳаларнинг умумий қиймати 420 миллион доллар бўлиб, йилига 1,4 миллион тонна чиқиндиларни ёқиш ҳисобига 475 миллион кВт электр энергияси ишлаб чиқарилади.

114 та туман (шаҳар)ни ўз ичига олган 64 та давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар имзоланган. Имзоланган битимлар доирасида ўтган йилнинг 1 декабрь ҳолатига хусусий шериклар томонидан жами 386,5 миллиард сўмлик инвестиция ҳисобига 384 та махсус техника, 5 минг 700 дан ортиқ контейнер, 4 та чиқиндиларни саралаш ва 16 та қайта ишлаш ускуналари харид қилинди, 33 та чиқинди йиғиш шохобчалари қурилиши таъминланди. Жами 107 та чиқинди йиғиш шохобчаси, жумладан, 34 та қурилиш, 16 та реконструкция қилиш ва 57 та таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 113 та санитар тозалаш корхоналари фаолиятининг самарадорлик кўрсаткичлари баҳолаб борилди. Корхоналарнинг самарадорлик кўрсаткичлари дастлаб республика бўйича ўртача 46,2 фоизни ташкил этган бўлса, 1 сентябрь ҳолатига 55,5 фоизни ташкил этиб, 30 таси “яшил”, 57 таси “сариқ” ва 28 таси “қизил” тоифада баҳоланган.

Хулоса қилиб айтганда, йил давомида чиқиндиларни тўғри бошқариш бўйича амалга оширилган ишлар ижобий натижалар берди. Жорий этилган янги тизимлар, саралаш нуқталари ташкил этилиши, аҳоли ўртасида олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари чиқиндилар маданиятини шакллантиришга хизмат қилди. Шу билан бирга, қайта ишлаш корхоналари фаолияти кенгайиб, иккиламчи хомашёдан самарали фойдаланиш имкониятлари ошди.

Келгусида ҳам мазкур йўналишда ишларни изчил давом эттириш, инновацион технологияларни жорий этиш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ҳамда аҳолининг экологик масъулиятини янада ошириш муҳим вазифа бўлиб қолади. Фақатгина давлат, жамият ва ҳар бир фуқаро ҳамкорлиги орқали чиқиндилар муаммосини самарали ҳал этиш ва барқарор экологик муҳитни таъминлаш мумкин бўлади.

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА