Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетмаслик ҳолатлари мавжуд
17:47 / 2025-09-20

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ва Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси томонидан “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонуннинг ижросини Самарқанд ва Сирдарё вилоятлари мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунларига бағишланган тадбир ўтказилди.

Таъкидланганидек, депутатлар ўрганишлар давомида Самарқанд ва Сирдарё вилоятларида санитар тозалаш корхоналари фаолияти, давлат–хусусий шериклик асосида янги лойиҳаларни жорий этишда замонавий техникалар, илғор технологиялардан фойдаланиш ҳолати билан танишди. Хусусан, хизмат кўрсатувчи машиналарга масофадан кузатиш имконини берувчи GPS-треккерлар ўрнатилгани, маиший чиқиндилар ноқонуний ташланишининг олдини олиш мақсадида махсус видеокамералар жойлаштирилгани алоҳида қайд этилди.

Назорат-таҳлил тадбирлари жараёнида маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича графикка амал қилмаслик ҳолатлари мавжудлиги, айрим чиқиндихоналарда чиқиндиларни жойлаштириш экологик талабларга тўлиқ жавоб бермаётгани каби муаммолар ҳам аниқланган.

Шунингдек, полигонларни ёпиш ва рекультивация қилиш масалалари белгиланган муддатлардан кечикаётгани, санитар тозалаш ташкилотларига тегишли махсус техникаларнинг бир қисми носоз ҳолатда экани аниқланди.  

Бу каби масалалар депутатларнинг эътирозига сабаб бўлди. Халқ вакиллари аниқланган камчиликларни бартараф қилиш, соҳадаги ишларни янада жадаллаштириш бўйича қатор таклиф ва тавсиялар бердилар.  

М.Комилова,

ЎзА