Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чиқиндиларни белгиланмаган жойга ташлаш билан боғлиқ 10 мингга яқин ҳолат аниқланди
09:36 / 2025-11-14

Инсоният тараққиёти шиддат билан ривожланиб, фан ва технология соҳасида катта ютуқларга эришилмоқда. Бироқ, ушбу ривожланиш жараёнида маиший, саноат ва пластик чиқиндиларнинг кўпайиши натижасида атроф-муҳит ифлосланиши кузатилиб, табиатга зарар ҳам ортмоқда.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълумотига кўра, йил бошидан буён Ўзбекистонда чиқиндиларни белгиланмаган жойга ташлаш билан боғлиқ 9817 та ҳолат аниқланди. Бу – ҳар куни ўртача 30 га яқин қоидабузарлик дегани. 

Вазирликнинг онлайн кузатув камераларини ўрнатиш ва доимий кузатувлар олиб бориш ишчи гуруҳи томонидан республика бўйлаб ўрнатилган IP-камералари орқали аниқланган ушбу қоидабузарлик шунчаки рақам эмас, балки, жамиятнинг табиатга бўлган муносабати акс этган кўрсаткич. 

Аниқланган ҳолатларнинг 3714 таси транспорт воситалари, 6103 таси эса  фуқаролар томонидан содир этилган. Мазкур ҳуқуқбузарликлар 2232 та ҳолатда тегишли тартибда жазога тортилган бўлиб, яна 7585 та ҳолат чора кўриш бўйича жараёнда турибди.

Энг кўп чиқинди ташланган ҳудудлар:

- Андижон вилояти — 3001 та ҳолат

- Наманган вилояти — 2937 та ҳолат

- Фарғона вилояти — 1645 та ҳолат.

Шунингдек,

- Самарқанд вилояти — 981 та ҳолат

- Тошкент вилояти — 434 та ҳолат

- Сурхондарё вилояти — 250 та ҳолат

- Сирдарё вилояти — 144 та ҳолат

- Тошкент шаҳри — 121 та ҳолат

- Хоразм вилояти — 117 та ҳолат

- Навоий вилояти — 99 та ҳолат

- Қашқадарё вилояти — 70 та ҳолат

- Жиззах вилояти — 16 та ҳолат

- Бухоро вилояти — 2 та ҳолат қайд этилган. 

Жарима белгиланган ҳолатлар бўйича умумий сумма 956 миллион 887 минг сўмни ташкил қилди. Бу каби камералар нафақат чиқинди ташлаш, балки бошқа турдаги экологик ҳуқуқбузарликларни ҳам аниқлаш ва чора кўриш имконини бермоқда. 

Бугун йўл ёқасига ташланган чиқинди эртага биз ейдиган мевазор тупроғига қоришади, ёки ер ости сувига сингиб, ичаётган сувимизни заҳарлайди. Бу инсониятнинг, шу жумладан келажак авлоднинг соғлом муҳитига қарши содир этилган жиноятдан бошқа нарса эмас. Хулоса, эса ўзимиздан...

Камола Юсупова, ЎзА