Юртимиз бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар қизғин амалга оширилмоқда. Ташкил этилаётган яшил ҳудудлар келгусида республикамиз яшиллик даражасини оширишда муҳим ўрин тутади.
Шу йил 29 март куни юртбошимиз раислигида «Яшил макон» лойиҳаси доирасидаги ишлар ҳамда чиқиндиларни бошқаришни такомиллаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, чиқинди полигонларини тартибга келтириш ва уларнинг атрофига дарахтлар экиб, яшил белбоғлар барпо қилиш вазифалари белгилаб берилган эди.

Шу муносабат билан Тошкент вилояти Оҳангарон тумани чиқиндилар полигонида Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши ҳамда “Махсустранс” ДУК ҳамкорлигида «Яшил макон» лойиҳаси доирасида дарахт экиш акцияси ташкил этилди.
Мазкур тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, “Махсустранс” ДУК раҳбарияти, Экопартия вакиллари, ёшлар ва аёллар қаноти етакчилари, чиқинди полигони ходимлари фаол иштирок этди.

Акция давомида 800 тупдан зиёд манзарали дарахт кўчатлари экилди. Ташкил қилинган яшил белбоғ атмосферага ташланаётган зарарли ташламаларни камайтириш, экологик ҳолатни яхшилашга хизмат қилади.
М.Комилова,
ЎзА