Чиқиндиларни тўплаш, саралаш ва қайта ишлаш масаласи дунё миқёсида энг долзарб экологик муаммолардан бирига айланмоқда. Аҳоли сонининг ўсиши ва ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши чиқиндилар миқдорини ҳам кескин кўпайтирмоқда.
Шу нуқтаи назардан, замонавий чиқинди қайта ишлаш заводларини ташкил этиш атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қайд этиш лозимки, чиқинди заводлари фақат чиқиндиларни йўқ қилиш воситаси эмас, балки иккиламчи хомашё олиш, энергия ишлаб чиқариш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилаётган замонавий саноат корхоналари сифатида қаралмоқда. Шундай экан, ушбу соҳани ривожлантириш мамлакатнинг экологик барқарорлиги ва иқтисодий тараққиёти учун стратегик аҳамиятга эга.
Чиқиндиларни қайта ишлаш ва улардан энергия манбаи олишга асосланган замонавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги директори ҳамда Хитой Халқ Республикасининг “Wangneng Environment” ва “CSET” етакчи компаниялари раҳбарлари ўртасида чиқиндиларни етказиб бериш битими имзоланган.
Унга кўра, Бухоро вилоятида — Хитой Халқ Республикасининг “Wangneng Environment” компанияси иштирокида 165 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобига Когон тумани “Гулистон” МФЙ ҳудудида йилига 547,5 минг тонна қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаб, натижада 230 млн. кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган завод қурилади. Лойиҳа ишга туширилганда қўшимча 150 та янги иш ўрни яратилади.
Бундан ташқари Сурхондарё вилоятида — Хитой Халқ Республикасининг “CSET” компанияси иштирокида умумий қиймати 150 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобига Ангор тумани “Баҳор” МФЙ ҳудудида йилига 438 минг тонна қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаб, натижада 75 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган завод қурилади. Лойиҳа ишга туширилганда қўшимча 150 та янги иш ўрни яратилади.
Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, бу каби заводлар айни пайтда республиканинг 6 та ҳудуди — Тошкент, Андижон, Наманган, Фарғона, Қашқадарё, Самарқанд вилоятларида қурилиши қизғин давом этмоқда. Қолаверса, келгусида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳам худди шундай заводлар қурилиши режалаштирилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА