Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чиқиндидан маҳсулот
11:37 / 2026-02-16

Олот туманининг “Арабхона” маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият кўрсатаётган “Олотобод” МЧЖда умумий қиймати 5 миллиард сўмни ташкил этувчи лойиҳа амалга оширилиб, яроқсиз автомобил шиналарини қайта ишлаш орқали иккинчи даражали хомашё ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Мазкур лойиҳа нафақат экологик муаммолар ечимига хизмат қилмоқда, балки иқтисодий самарадорлик нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳозирги кунда корхонада 3 нафар фуқаро доимий иш ўрни билан таъминланган бўлиб, ишлаб чиқариш қуввати суткасига 1 тоннадан ортиқ хомашёни қайта ишлаш имкониятини бермоқда. Тайёр маҳсулотнинг ҳар бир килограмми айни пайтда бозорда ўртача 3 минг сўмдан сотилмоқда.

Қайта ишланган хомашё асосан болалар ва спорт майдончалари учун махсус қопламалар тайёрлашда, шунингдек, турли резина маҳсулотлар ишлаб чиқаришда қўлланилмоқда. Бу эса аҳоли учун хавфсиз, сифатли ва экологик тоза маҳсулотларни ишлаб чиқариш имконини яратмоқда.

–Биз бу лойиҳани аввало табиатни асраш, чиқиндилар муаммосига амалий ечим топиш мақсадида бошладик, –дейди корхона раҳбари Жума Ҳасанов. –Ҳар куни юзлаб яроқсиз шиналар чиқиндига ташланади, улар йиллаб табиатда чиримайди, ер ва ҳавони ифлослантиради. Шуни ўйлаб, шу чиқиндидан фойдали маҳсулот тайёрлаш ғояси туғилди. Лойиҳани амалга ошириш осон бўлмади, албатта. Дастлаб техник ускуналар, технология, молиялаштириш масалаларида қийинчиликлар бўлди. Аммо мақсад аниқ эди – чиқиндидан қиймат яратиш. Шу йўлда ҳаракат қилдик, мутахассислар билан маслаҳатлашдик, замонавий ускуналар олиб келдик. Бугун эса натижани кўриб турибмиз. Бу фақат ишлаб чиқариш эмас. Бу  янги иш ўринлари, одамлар учун даромад манбаи, ёшлар учун ибрат. Энг муҳими, болаларимиз ўйнайдиган майдончалар учун хавфсиз қопламалар тайёрланяпти. Демак, биз нафақат иқтисодий, балки ижтимоий фойда ҳам келтиряпмиз. Яқин келажакда ишлаб чиқариш қувватини ошириш, қўшимча иш ўринлари яратиш, маҳсулот турларини кенгайтиришни режалаштиряпмиз. Шунингдек, чиқиндиларни қайта ишлашнинг бошқа йўналишларини ҳам жорий этиш ниятидамиз. Мақсадимиз – ҳақиқий “яшил ишлаб чиқариш” тизимини шакллантириш.

“Олотобод” МЧЖдаги ушбу лойиҳа нафақат бир корхона ютуғи, балки бутун ҳудуд учун намунавий тажриба бўлиб, келгусида шундай экологик ва иқтисодий самарали ташаббусларнинг кўпайишига хизмат қилади.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири