Бугунги глобал экологик муаммолар шароитида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, чиқиндилар ҳажмини қисқартириш ва уларни қайта ишлаш орқали иқтисодий самарадорликка эришиш масаласи барча давлатлар учун стратегик аҳамият касб этмоқда.
Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ҳамда Хитой Халқ Республикасининг “Wangneng Environment” етакчи компанияси раҳбарлари ўртасида чиқиндиларни етказиб бериш бўйича битим имзоланиши мазкур йўналишдаги ислоҳотларни янги босқичга олиб кирди. Ушбу ҳамкорлик чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасида илғор технологиялар, халқаро тажриба ва инновацион ечимларни мамлакатимиз амалиётига жорий этиш, шу орқали экологик хавфсизликни таъминлаш ҳамда “яшил иқтисодиёт” тамойилларини изчил ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Бухоро вилоятининг Когон туманида жойлашган “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқарувчи замонавий, юқори технологияли завод қурилишига тамал тоши қўйилди. Мазкур лойиҳа нафақат ҳудуд миқёсида, балки республика даражасида ҳам экологик инфратузилмани модернизация қилиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини таъминлаш, қурилиш ва технологик жараёнларни мувофиқлаштириш, юзага келиши мумкин бўлган ташкилий, техник ва логистик муаммоларни олдиндан аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш мақсадида Бухоро вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Б. Муратов ҳамда “Аҳоли транс” МЧЖ вакиллари ўртасида мулоқот ўтказилди. Учрашув давомида лойиҳанинг амалий босқичлари, ускуналарни олиб кириш, технологик жараёнларни ташкил этиш, божхона расмийлаштируви, логистика тизими ҳамда инфратузилма билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашувда Хитой Халқ Республикасининг “Wangneng Environment” компанияси иштирокида 165 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобига барпо этилаётган ушбу корхонадан кутилаётган ижтимоий, иқтисодий ва экологик самаралар ҳақида ҳам сўз юритилди. Лойиҳа режасига мувофиқ, завод йилига 547,5 минг тонна қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш қувватига эга бўлиб, 230 миллион киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятини таъминлайди. Бу эса ҳудудда энергия таъминотини мустаҳкамлаш, электр энергияси манбаларини диверсификация қилиш ва қайта тикланувчи энергия улушини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, лойиҳанинг тўлиқ ишга туширилиши натижасида камида 150 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири