Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг маълум қилишича, санитар тозалаш хизматлари сифатини ошириш ва тўлов интизомини мустаҳкамлаш мақсадида 2026 йил 1 январдан бошлаб қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун ҳақ тўлашнинг янги тартиби жорий этилади.
Мазкур тартибга кўра, эндиликда санитар тозалаш соҳасида истеъмолчилардан фақатгина кўрсатилган хизматлар учун тўлов ҳисобланади. Истеъмолчилар (жисмоний ва юридик шахслар) томонидан қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун тўлов онлайн тўлов тизимлари орқали амалга оширилади.
Бу хизмат кўрсатиш жараёнида шаффофликни таъминлаш баробарида хизмат учун ноқонуний тўлов ундириш, ундирилган маблағларни кирим қилмасдан ўзлаштириш ҳолатларини бартараф этиш орқали соҳада яширин иқтисодиёт ҳамда коррупцион ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Шунингдек, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун тўловлардан тушган маблағлар бевосита Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг махсус ҳисоб рақамига йўналтирилади.
Жамланган маблағлар ҳисобидан ҳақ тўлаш белгиланган субъектлар (санитар тозалаш корхоналари, полигонлар, чиқинди ёқиш заводлари, экосаноат ҳудудлари ва бошқалар)га алоҳида тартибга мувофиқ ҳисобга олишнинг ягона тизими орқали, санитар тозалаш корхоналарига қаттиқ маиший чиқиндиларни полигонига ёки чиқиндиларни қайта юклаш пунктларига топширгани учун (алоҳида тартиб асосида тонна, километр ҳисобида) махсус ҳисоб рақамига йўналтирилади.
Шунингдек, чиқинди полигонларига, чиқиндиларни қайта юклаш пунктига, чиқиндиларни ёқиш заводига чиқиндиларни қабул қилгани ва утилизация қилгани учун (тонна ҳисобида) махсус ҳисоб рақамига йўналтирилади.
Экосаноат зоналарида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларига (ҳар бир тоннаси учун) белгиланган тартибда тўлаб берилади.
Натижада маблағларнинг мақсадли сарфланиши, тизимда молиявий интизом ва назоратнинг кучайтирилиши таъминланади. Қолаверса, ҳар ой якуни билан хизмат кўрсатувчи санитар тозалаш корхоналари фаолиятининг асосий самарадорлик кўрсаткичлари баҳолаб борилади.
Баҳолаш натижасида санитар тозалаш корхоналари “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратилади. Мазкур тоифалар санитар тозалаш корхоналари учун ҳақ тўлашда инобатга олинади. Яъни самарадорлик кўрсаткичи юқори баҳоланган “яшил” тоифадаги санитар тозалаш корхоналарига “қизил”, “сариқ” тоифадагиларга нисбатан кўпроқ ҳақ тўланади. Бу тартиб санитар тозалаш корхоналарининг КПИ кўрсатгичлари асосида аниқланади.
Ш.Маматуропова, ЎзА