Марказий кон бошқармаси 7-гидрометаллургия заводида сувни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш мақсадида 2-гидрометаллургия заводининг Чиқиндини ташиш, жойлаштириш ва айланма сув таъминоти цехида йиллар давомида ишлаб чиқаришдан чиққан сувлар қайта ишланиб, олтин олиняпти. Бунинг учун 26-30 км узоқликдаги ишлаб чиқаришдан йиғилган сув ҳавзасидан завод ҳудудига узунлиги 26 км, диаметри 630 мм бўлган металл қувур линияси тортилган.
– 2-гидрометаллургия заводининг йиғилган сув ҳавзасидан 2021 йил май ойидан бошлаб ҳозирги кунгача 19 миллион 163 минг 391 м3 сув қабул қилиниб, қарийб 315,6 кг сув таркибидаги эритма ҳолатдаги мавжуд қимматбаҳо металл, яъни олтин ажратиб олинди, – дейди Цианлаш ва сорбция цехи бошлиғи Мухтор Шукуров. – Юқорида кўрсатилган натижаларни янада ошириш ва сувдан унумли фойдаланишни такомиллаштириш мақсадида яна 4 та Локал сорбцион қурилмаси колонналарини қуриш режалаштирилмоқда. Йиллар давомида ишлаб чиқаришдан йиғилган сувни янги инновацион лойиҳалар асосида кўп миқдорда қабул қилиш ва ундан мавжуд қимматбаҳо металларни ажратиб олишни кўпайтириш мақсадида бир кунда ўртача 16,6 минг кубометр, бир ойда эса ўртача 514,1 минг кубометр тоза сув тежаб қолинмоқда.


Кейинги беш йил Навоий кон-металлургия комбинати учун янги тараққиёт даврини бошлаб берди. Бу даврда корхона миқёсида улкан бунёдкорлик ишлари, янги конларни ўзлаштириш, гидрометаллургия заводлари барпо этиш ва ишлаб чиқариш қувватларини ошириш бўйича кенг ҳажмдаги ишлар бажарилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан тасдиқланган комбинатни 2026 йилгача ривожлантириш дастури доирасида “Олтинни уюмда ишқорлаш цехида техноген чиқиндиларни қайта ишлаш мажмуасини қуриш (7-ГМЗ)” лойиҳаси ана шундай муҳим лойиҳалардан биридир.


Техноген чиқиндиларни қайта ишлашга мўлжалланган ушбу завод комбинат жамоаси томонидан ғоят қисқа даврда қуриб битказилди. Завод қурилишида қўлланилган асосий технологик ускуналар, турли дастгоҳлар, бутловчи материаллар, шарли тегирмонлар чет элдан сотиб олинмасдан, Навоий машинасозлик заводида ишлаб чиқарилган.


Заводнинг бошқа турдош заводлардан ажралиб турадиган устунлиги шундаки, бу ерда жорий этилган технологиялар техноген чиқиндиларни қайта ишлаш ва унинг таркибидаги олтинни олиш имконини бермоқда. Яъни, захирага олинган маъдан кислотали ишқорда яна қайта ишланмоқда.
7-сонли гидрометаллургия заводи замонавий технологияларга асослангани боис, мураккаб жараёнлар орқали қайта ишланган (техноген) маъданлардан маҳсулот олиш сарф-харажатини камайтириб, кўзланган самарадорликка эришилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири